“HAMKORBANK” АТБ БОШҚАРУВИ РАИСИ БАХТИЁРЖОН ЖЎРАЕВНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ
Бутун республикамизда айни кунларда байрам шукуҳи — халқимиз мустақилликнинг 34 йиллигини “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси остида кенг нишонламоқда. Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда барчамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат экани, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Мустақиллик туфайли Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўринга эга бўлди.
Айтиш жоиз, мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатимиз бўйлаб барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари юртимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Биз учун бу кун қўшалоқ байрамдир. Чунки истиқлол тенгдоши — “Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки ташкил топганига 34 йил тўлмоқда. Шу давр мобайнида амалга оширилаётган ислоҳотларга банкимиз жамоаси ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айни пайтда банкимиз халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётгани юртимиз иқтисодий салоҳияти ва бизнес муҳитининг жозибадорлигига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистон аҳолиси ва мижозларимизни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-интилишларини амалга оширишда ишончли ҳамкор бўлишдир.
Айни вақтда республикамизнинг барча вилоятларида “Hamkorbank” номи билан фаолият юритаётган муассасалар сони ортиб бормоқда. Ўтган йили Ғиждувон шаҳрида янги универсал банк хизматлари офиси иш бошлади. Шунингдек, Тошкентда Паркент ва Қорасув-2, Қашқадарёда Ғузор, Самарқандда Булунғур, Хоразмда эса Қўшкўпир банк хизматлари офислари очилди. Натижада ушбу ҳудудларда ҳам аҳоли ва тадбиркорлар учун замонавий банк хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Бу эса ташкилотимиз ҳамкорлари ва мижозлари сонининг тобора ортиб боришига хизмат қилмоқда.
Куни кеча Президентимиз Фармонига асосан, икки нафар доимий мижозимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Андижон туманидаги «Равон тараққиёт орзуси» МЧЖ таъсисчиси Абдулхошим Исмоилов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони, «Оқ сув» фермер хўжалиги раҳбари Равшанбек Аҳмедов эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар. Биз бу каби ҳамкорларимиз билан фахрланамиз ва доим қўллаб-қувватлаймиз.
Иқтисодиётимизни ривожлантириш — Янги Ўзбекистон келажагини яратишда энг муҳим қадамлардан биридир. Бу йўлда, шубҳасиз, “Hamkorbank” ҳам юксалишга қаратилган янги ташаббуслар билан олдинги сафларда бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган банкимиз жамоаси, ҳурматли ҳамкорларимиз ва азиз мижозларимизни қўшалоқ байрам билан чин қалбимдан табриклайман.
Сизларнинг ишончингиз ва ҳамкорлигингиз — бизнинг энг катта бойлигимиз. Халқимизга муносиб, сифатли ва замонавий банк хизматлари кўрсатиш йўлида барчангизга соғлик, барқарор муваффақиятлар ва янги ютуқлар тилайман.
Байрамлар муборак бўлсин!