“HAMKORBANK” АТБ: ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР ҚУВОНАРЛИ
“Hamkorbank” АТБнинг 2023 йил якуни ва 2024 йилда олдинда турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида янги режалар белгилаб олинганди. Бунда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, банкнинг молия бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва нуфузини ошириш бош вазифа сифатида қўйилган.
Йилнинг дастлабки чораги якунланди, натижалар қандай? Банк бошқарувининг жорий йил 1-чорак якунларига бағишланган Бухородаги сайёр йиғилиши олдига айни шу савол қўйилди. Унда Банк Бошқаруви аъзолари ва жойлардаги банк муассасаларининг бошқарувчилари иштирок этди.

Йиғилишни Бошқарув раиси Бахтиёржон Жўраев очди.
Кун тартибидан асосий бизнес режа кўрсаткичларининг бажарилиши, муаммоли активлар билан ишлаш, корпоратив бизнес йўналишида топшириқлар ижроси, белгиланган режаларнинг бажарилиши, микро, кичик ва ўрта бизнес йўналишида амалга оширилган ишлар таҳлили ўрин олди. Маърузаларда таъкидланганидек, ҳисобот даврида сезиларли ютуқларга эришилди, аксарият йўналишлардаги натижалар қувонарли. Бу соҳа ходимларининг ишга масъулият билан ёндошаётгани ва мижозлар билан ишлашда ўзига хос мактаб яратилганининг ифодасидир.
Шунингдек, йиғилишда чакана бизнес йўналишидаги топшириқлар ижроси, белгиланган режаларнинг бажарилиши, тармоқлар томонидан билдирилган таклифлар ижросига эътибор қаратилди. Бу борада масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

— Кейинги йилларда банклар ўртасида ижобий маънода рақобат кучайиб бормоқда. Шу сабаб замонавийлик, тезкорлик ва юқори сифатли хизмат иш фаолиятимиз асосини ташкил этяпти. Жойлардаги банк муассасаларида ҳам бу борада масъулият ошди. Юқори даромадга осонлик билан эришилмайди. Ҳар бир кун биздан ташаббус ва янги лойиҳалар билан ишлашни талаб қиляпти. Бугун таҳлиллар Бош банкда яратилган аниқ тартибли иш услуби барча минтақавий ва универсал банк хизматлари офисларида ҳам шаклланганини кўрсатди. Белгиланган режаларни кутилганидан ортиғи билан бажараётган банк муассасалари сафи кенгайиб бормоқда. Бу албатта, уларга етарли шароит яратилгани, Бош банкнинг кўмаги ва тажрибали ходимларнинг изланишлари самараси.
1-чорак якуни бўйича рейтинг натижалари эълон қилиниши олдидан иштирокчиларни ҳаяжон босгани аниқ. Аслида уларнинг барчаси бундай эътирофга муносиб. Шундай бўлса-да рақамлар тилга кирди. Энг юқори кўрсаткичга эришган жамоалар ғолиб деб топилди.
Банк Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимовнинг таклифи асосида ҳисобот йиғилиши биринчи бор сайёр кўринишда ташкил этилди. Соҳа ходимлари Бухоро минтақавий банк хизматлари офисида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Ўзаро тажриба алмашилди.
— Республикада энг юқори даромадга эришаётган бу жамоанинг фаолияти билан қизиқардим, — дейди Фарғона минтақавий банк хизматлари офиси бошлиғи Абдуқаҳҳор Шарипов. — Ҳар бир ходими масъулиятли, мижозларга бўлган эътибор ўрганишга арзирли. Бинодан мазкур МБХОнинг тарихини ифодаловчи кичик бурчак ҳам ўрин олган. Бу билан танишганларда банкимизга бўлган ишонч ва ҳурмат янада ошиши табиий. Фарғоналиклар эстафетани қабул қилиб олди. Навбатдаги сайёр йиғилиш Фарғонада бўлиб ўтади. Бунинг учун ҳозирдан тайёргарликни бошлади.
Бухоро қадимий ва бой тарихга эга вилоят. Бу жойга келганлар, албатта, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиши аниқ. Йиғилиш қатнашчилари учун ички туризмни ривожлантиришга қаратилган ана шундай тадбирлар ташкил этилди.
Дастлаб Ислом оламининг машҳур авлиёларидан бири бўлган Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасига кириб борилди. Бутун дунё мусулмонлари учун табаррук қадамжолардан бўлган мазкур мажмуа Когон туманининг Қасри Орифхон қишлоғида жойлашган. Маълумотларга кўра, унга 1544 йилда асос солинган. Комплексдан ўрин олган меъморий хонақоҳ, мақбара, иккита масжид, минора ва ҳовуз тарих кўзгуси. У ерда ташкил этилган музей ўтмиш билан бугунни боғлайди.

— Жамоамиз билан икки йил аввал бу жойга келгандик. Шундай бўлсада бугун Бухорони қайта кашф қилгандек бўлдим, хорижлик меҳмонларнинг кўплигини кўриб, шундай юртнинг фарзанди эканлигимдан қувондим, — дейди Каттақўрғон универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси Синдор Алимардонов. — Зиёрат баҳона нақшбандия тариқати, унинг асосчилари тўғрисида кўп маълумот олдик. Ташкилотчилардан миннатдормиз. Оила аъзоларимни ҳам олиб келишни дилимга тугиб қўйдим.
Яна бир қатор тарихий ва диққатга сазовор жойларга уюштирилган саёҳатлар иштирокчиларга манзур бўлди. Бухоронинг юраги — Арк қўрғони, ўзига хос кўринишга эга Лаби ҳовуз ансамбли, Бухоро хони Имомқулихоннинг вазири Нодир девонбеги томонидан бунёд этилган хонақоҳ барчани олис тарих сари бошлади. Айтиш мумкинки, ишдан маълум вақт холи бўлиб, қилинган саёҳат мазмунли кечди.
Акбаржон Назаров.
Андижон-Бухоро-Андижон.