“HAMKORBANK” ИҚТИДОРЛИЛАРНИ КАШФ ЭТАДИ
Бугун дадил одимлар билан сафимизга қўшилаётган ёшлар эртамиз эгалари, келажагимизнинг яратувчилари. Миллатнинг ўзлигини намоён этиши, бевосита, ундаги ёшларнинг қанчалик иқтидор ва истеъдод эгаси эканлиги, интилувчан ва изланувчанлиги билан баҳоланади. Шу маънода айтиш мумкинки, юртимизнинг келажаги биз кутгандан-да порлоқ. Буни янги авлод вакилларининг эришаётган ютуқларидан ҳам сезиш мумкин.
“Hamkorbank”да бу борада ўзига хос мактаб яратилган, десак муболаға бўлмайди. Тизимда ишловчилар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни қўллаб-қувватлаш ва иқтидорлиларни кашф этиш доим эътиборда. Банк раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган “устоз-шогирд” мактаби, тўгараклар ва турли тадбирлар бу борада ижобий самара бермоқда.
Юқоридагилар Ғиждувон универсал банк хизматлари офиси иш ўрганувчиси Отабек Аҳмадовни шу банкка етаклади. У умидли ёшлардан. 2024 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлагач, иш жойини танлашда иккиланмай “Hamkorbank”ка тўхталди. Сабаби, талабалик йиллари бу молия муассасаси фаолиятини кузатди, ходимларига ҳавас билан қаради. Айниқса, ёшларга бўлган эътибор, яратилган имкониятлар қизиқишини оширди.
Отабекни жамоага келиб қўшилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай қисқа вақт ичида ҳамкасблари орасида кўзга ташланиб улгурди. Банк ходими учун билим ва юксак муомала маданияти зарурлигини устозларидан ўрганиб, бунга амал қилмоқда. Топширилган ҳар қандай вазифани жиддий қабул қилади ва бажармагунча тинчимайди.
— Отабек кунда янги бир ташаббус билан олдимга киради, — дейди УБХО бошқарувчиси Умиджон Аманов. — Зийраклиги, интилувчанлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Мижозлар билан ишлашда ўзига хос йўл тутмоқда. Бундай иқтидорли ёшлар банкимизнинг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшади. Президентимизнинг Мурожаатномасида мамлакатни барқарор ривожлантириш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу жамиятимиз тараққиётида ёшлар масаласи стратегик ўрин тутаётганининг ифодаси.
Иш ўрганувчи деганда айримлар шунчаки синовдаги кадрни тушунади. Отабекнинг қарашлари эса бошқача.
— Синовдан ўтиш мумкин, бироқ ишонч қозониш осон эмас. Мен бунга ўз меҳнатим билан эришмоқчиман, — деди у.
Бугуннинг ёшлари — эртамиз эгалари. Уларга эътибор кўрсатиш ва ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз.
Б. МУТАЛЛИБОВ

