“ICE AND GOLD”ДАН МАЗАЛИ МУЗҚАЙМОҚ
Музқаймоқ инсонга нима беради? Кимгадир завқ, кимгадир салқинлик. Айниқса, болажонлар бу егуликни кўрса, ҳамма нарсани унутади. Ҳозирда гўдакларни фақатгина телефон ва музқаймоқ билан чалғитиш мумкин. Буни “ICE AND GOLD” МЧЖ таъсисчилари 15 йил аввал тушуниб етган. Бугунги кунда корхона 100дан ортиқ турдаги музқаймоқлари билан савдо бозорида ўз ўрнига эга. 50 нафар ишчи томонидан кунига 20 тоннага яқин маҳсулот тайёрланади. “ICE AND GOLD” номи остида чиқарилаётган барча турдаги музқаймоқлар сифати ва таъми билан ажралиб туради. Хом ашёларнинг деярли 90 фоизи хориждан келтирилади. Яна бир маълумот: корхона юртимиз савдо дўконларидаги энг харидоргир “газета” брендининг асосчиси ҳисобланади.
Музқаймоқ мазали егулик, жоннинг роҳати. Уни тайёрлаш учун масаллиқларнинг бир соат давомида қайнатилишидан хабарингиз борми? Яна шунча вақт тиндирилиб қўйилишидан-чи? “ICE AND GOLD” корхонасида шу усулда узоқ муддатли юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёни амалга оширилади. Тиндирилган маҳсулот 6 соат совитилади. Сўнг фрезерларга жўнатилиб, ундан сўнг кесиш линиясига ўтказилади. Кесилгач, яна совитилади. Хуллас, тайёр музқаймоқ ҳосил қилиш учун 10 соат вақт сарфланади.
Корхона маҳсулотлари сифатининг сири мана шунда: узоқ муддатли ва юқори сифатли технологик жараён. Натижа эса аъло: хушбўй таъм, оғизга ёқувчи, иштаҳани очувчи, кўзни қувнатувчи ширинликлар.
Илк тадбиркорлик фаолиятини кийим-кечак савдосидан бошлаган корхона асосчилари ака-ука Азизмирза ҳамда Аваз Умедовларда кейинчалик музқаймоқ ишлаб чиқаришга қизиқиш уйғонди. Шундан сўнг улар мазкур соҳада бир неча йил иш ўрганиб, тажриба орттирди. 2010 йилда МЧЖ тузиб, мустақил равишда музқаймоқ ишлаб чиқара бошлашди. 2017 йилда махсус ишлаб чиқариш биносини сотиб олишди. Шу тариқа “ICE AND GOLD” корхонаси фаолияти шакллантирилди.
Бугун корхонада самарали, тизимли, юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган. Ишчиларга яратилган шарт-шароитлар музқаймоқлар каби мақтовга сазовор. МЧЖ “Hamkorbank” АТБ Олмазор УБХО билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни амалга ошириб келади. Банк кўмаги билан 2024 йил исломий лизинг асосида 352 минг АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилди. Бу маблағ қўшимча ускуналар сотиб олиш учун ишлатилди.
Н. Сулаймонова

