VISA КАРТА ОЧИШДА ЕТАКЧИ


“Норин” банк хизматлари офисининг кичик универсал менежери Охунжон Мамажонов ишлаб чарчамайдиган, ҳар юмушдан завқ оладиган йигит. Бир дақиқа вақтини ҳам зое кетказмайди. Изланади, ҳаракат қилади, интилади.

Қаҳрамонимиз “Hamkorbank” АТБнинг барча УБХО, МБХО ва БХОларида фаолият юритувчи универсал менежерлар ўртасида йил бошидан бери ўтказиб келинаётган “Актив халқаро банк карталарини фаол сотувчи ходим” акциясида иштирок этиб, охирги уч ой мобайнида 471 та виза карта очди.
Бу кўрсаткич уни акция қатнашчилари орасида етакчи сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди. Охунжоннинг ташаббуси билан очилган виза карталарнинг 100 тадан ортиғи ҳозирда актив ҳолатда.
— Бугун жума, иш ҳафтасининг охирги куни бўлгани учун мижозлар оқими ҳар қачонгидан кўпроқ бўлади, — дейди суҳбатдошимиз. — Эрталабдан буён 180 нафарга яқин мижозга хизмат кўрсатдим. Тўғри, толиқдим, аммо ишимдан кўнглим тўлди.
Фаол мутахассиснинг айтишига қараганда, Норин БХО жойлашган Ҳақулобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи аҳолининг кўпчилиги қўшни Қозоғистонга ишлаш учун боради. Қозоғистондан пул жўнатмаларини амалга оширишда виза карта энг қулайи. Маблағ тез ва осон етиб келади. Виза картага келиб тушган пулни банк кассасидан нақдлаштириб олиш ҳам кўп вақт талаб қилмайди. Буни тушуниб етган мижозлар дарҳол виза карта очишга рози бўлади.Энг муҳими, жўнатилган пулни фойдаланувчининг ўзи банк офисига келмасдан илова орқали картага тортиб олиши мумкин. Охунжон мана шу имкониятларни аҳолига тўғри тушунтира олгани учун ҳам натижалар салмоқли. У ўз тажрибаларидан энг муҳимларини айтиб ўтди.
“Шахсан мен муваффақиятнинг калитини тартибда деб ҳисоблайман. Тартиб билан ишласангиз, натижага эришаверасиз. Пала-партишлик унумдорликни чиппакка чиқаради.
Тавсия ёки маслаҳат сўрасангиз, шуни айтардимки, банк ходими ўзининг таниши келиб қолса, уни олдинга ўтказиб юбориб, ишини биринчи битириб беришга ҳаракат қилмаслиги керак. Бу ҳолат навбат кутиб турган бошқа мижозларда эътироз уйғотади, хотиржамлигини йўқотади. Натижада нафақат ўша ходимга, балки, банкка нисбатан ҳам ишончнинг сўнишига олиб келади”.
Бугун жонбозлиги, меҳнатсеварлиги туфайли Охунжоннинг ишлари аъло. У ҳар ойда КPI тизими асосида ўртача 6 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўлмоқда. Бу меҳнатнинг ёқимли завқи ва миннатдорлик туйғусини инъом этади.
Н. МИРОЛИМОВА