“Асака файзли нон”дан болажонларга
Асакалик тадбиркор Махпиратхон Ўрозова ҳақида кўп эшитганман. Унинг раҳбарлигидаги “Асака файзли нон” масъулияти чекланган, жамиятида тайёрланаётган нон маҳсулотларига талаб катта. Сабаби арзон нархда ва сифатли. Буюртмачиларнинг кети узилмайди. Айни вақтда ички бозордан ташқари тумандаги мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишланмоқда.
2003 йилда ташкил этилган мазкур МЧЖ фаолияти биргина нон маҳсулотлари тайёрлаш билан чекланмайди. Дастлаб трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.
— Асли тадбиркорликни яшаш хонадонимда тикув машинам билан бошлаганман,-дейди М. Ўрозова. — Ҳаракатимни оиламдагилар қўллаб-қувватлаб, қўшимча машиналар сотиб олдим. Биз тиккан буюмлар бозорда харидоргир бўлиб кетди. Шу тариқа ўз цехимизни ҳам яратдик. 50 нафар хотин-қиз корхонанинг чеварларига айланди.
Тадбиркорликка бўлган эътибор ва соҳа вакилларини давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиши тадбиркорга куч берди. Энди у нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бирдамлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан фойдаланилмай турган ер майдони ажратиб берилди.
— Тадбиркорлик йўлида қурувчига ҳам айландим. Лойиҳани ишлаб чиқишдан то хоналарни безатишгача ўз тавсияларим асосида бўлди, — дейди М. Ўрозова, — Яна оила аъзоларим менга суянч бўлди. Маблағ масаласида ўйланиб турганимда, “Hamkorbank”нинг Асака филиали молиявий кўмакчига айланди. Берилган 2 миллиард 200 миллион сўм кредит ва ўз маблағим ҳисобига шу йил бошида қурилишни бошладик. Бутун эътиборни болалар учун қулай ва замонавий услубдаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси бунёд этишга қаратдик.
Астойдил қилинган ҳаракат ўз самарасини берди. Конституция байрами арафасида болажонларга «Зулҳумор болажон» МТМ муносиб байрам совғаси бўлди. Машғулот хонасидан тортиб ошхонагача талаб даражасида. Кичкинтойлар учун спорт тўгараклари ва 3 та хорижий тилларни ўрганиш имконияти яратилди. Тарбиячилар ҳам тажрибали, изланувчан.
МТМ “Асака файзли нон” МЧЖ қошида очилганини бежиз таъкидламадик. МЧЖ эндиликда биринчи навбатда тарбияланувчилар учун ишламоқда. Дастурхонга ҳар куни мазали нонлар тортиқ қилинади.
Тадбиркор яна изланишда. Келгуси йили хусусий бошланғич мактаб очиш ҳаракатида. Бунинг учун тажрибаси ҳам, маблағи ҳам етарли. Молиявий кўмакчиси- “Hamkorbank” борлиги учун ҳам кўнгли тўқ.
Акбаржон НАЗАРОВ.