БАНКИРНИНГ ПУЛИ КЎП БЎЛАДИМИ?

Достонбек Қўчқоров “Hamkorbank” АТБ Чинобод филиали ходими. Оилада суюк­ли фарзанд, қадрдонлари орасида меҳрибон дўст, жамоада фаол ва ташаббус­кор. Андижон машинасозлик олийгоҳини тамомлаган. У билан суҳбатимиз жуда самимий кечди.
— Сиз туғилиб ўсган жой ҳақида нималарни биласиз?

— Наманганнинг Норин туманиданман. Ҳаққулобод шаҳри мен учун жуда қадрли. Қадимда бу ҳудуд хароб ҳолда бўлган. Ке­йинчалик Ҳаққул деган инсон бу жойни обод этган. Шу сабаб унинг номини абадийлаштириш мақсадида шундай ном берилган.
— Болаликни соғинасизми?
— Ҳа, албатта. Болаликни соғинмайдиган инсон бўлмаса керак. Чунки, беғубор давр, ҳаёт ташвишларидан йироқда бўласиз. Ҳамма сизга меҳрибон, совғалар, шўхликлар.
— Сиз учун ўша болаликдаги энг эсда қоларли воқеа?
— Оиламизда ўқимишли инсонлар бўлмагани сабабли яхши ўқишга ҳаракат қилардим. 6-синфни тамомлаб, лицейга ўқишга кирганимда, ота-онамнинг хурсандчилиги энг эсда қоларли бўлган. Бу мен учун рағбат ҳам эди. Онам тандирга нон ёпганда ёнидан кетмасдим. Иссиқ кулчаларнинг ҳиди кечагидек ёдимда.
— Айнан банк ходими бўлишингизнинг сабаби?
— Лицейда ўқиб юрган даврларимда “Муҳаббат синовлари ” деган кинони кўрганман. Кинодаги бош қаҳрамон банк соҳасида ишлаб, яхши натижаларга эришганини кўриб унга ўхшашга қарор қилганман. Кейинчалик бу мен учун қонунга айланди.
— Касбингизни қанчалик севасиз?
— Ҳар бир инсон ўз касбига ҳурмат билан қараши керак. Ана шунда муваффақиятга эришади. Шифокорлар беморларни даволаб уларнинг дардига малҳам бўлса, банк ходимлари инсонларнинг иқтисодий эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилади. Бунинг учун инсон касбини юракдан севиши керак. Менда шундай.
— Банкирнинг пули кўп бўладими?
— Ишимиз пул операцияси билан боғлиқ бўлгани сабаб кўпчилик шундай ўйлайди. Аслида банк ҳам бошқа муассасаларга ўхшаган бир ташкилот. Одамни қанчалик пули кўп бўлиши ўзига боғлиқ.
— Қайси ҳамкасбингизга ҳавас қиласиз?
— Корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Мақсудали Баратовдан кўп нарсаларни ўрганаман, ҳавас қиламан. Чунки, бу инсон ҳар бир мижозга юракдан ёрдам беради, берил­ган топшириқларни ўз вақтида бажаради. Ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги унга суяниб ишлайди.
— Ҳаётдаги шиорингиз?
— Доим изланиш ва ўқиш — муваффақият гарови!
— Оила сизнингча нима?
— Ўсиш, одоб-ахлоқ маскани. Оиладаги муҳит инсонни камол топиши ва яхши фазилатли бўлиб улғайишига катта таъсир кўрсатади.
— Онангизга қандай таъриф берасиз?
— Ҳаётдаги энг қимматбаҳо тош. Унинг севгиси ва муҳаббати асл ва пок. Оналарга қанча таъриф берсак оз. Онам ҳақида гапирадиган бўлсам, энг яқин дўстим, сирдошим, ғамхўрим, маслаҳатгўйим. Суҳбатларига сира тўймайман. Оғир дамларда энг тўғри йўлни кўрсатадилар. Ягона ишонган инсоним ҳам онам.
— “Ҳизр бува” билан учрашсангиз…
— Ота-онам доим саломат юришларини сўрардим.
— Дўстликка ишонасизми?
— …
— Спортга муносабатингиз?
— Футболни ёқтираман. Дам олиш кунлари ҳамкасблар ва дўстларим билан тўп сурамиз.
— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
— Томорқамизда иссиқхона ташкил этганмиз. Лимон кўчатлари парваришида дадамга озми кўпми ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
— Ўзингизни қанчалик омадли ҳисоблайсиз?
— Албатта, омадлиман. Чунки, ёшлигимдан банкир бўлишни орзу қилар эдим. Институтни битирган йилим “Hamkorbank”га ишга қабул қилиндим. Иш бошлаганимга бир йил бўлмай корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежери лавозимига тайинландим. Ваҳолангки, бу лавозимга ўтиш учун банк тизимида камида 2-3 йил ишлаш керак бўлади. Шу сабаб ўзимни омадли деб биламан.
— Омад доим ҳамроҳингиз бўлсин.

Акбаржон НАЗАРОВ суҳбатлашди.