БАНК КЎМАГИ БИЛАН
“Hamkorbank” АТБнинг Хоразм минтақавий филиали мижозлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада банкнинг молиявий кўмаги қўл келаётгани эътиборли. 120 нафар ёшлар меҳнат қилаётган Урганч туманидаги “Тилло бобо издошлари” хусусий корхонаси бунга мисол бўла олади.
Мазкур корхонада дастлабки вақтда атиги 150 литргина сут қайта ишланарди. 2019 йилда банк томонидан берилган 30 млрд. сўм кредит ҳисобига янги дастгоҳлар сотиб олинди. Бу албатта, ишлаб чиқариш суратини оширди-60 тоннага етди. 150 та фермер хўжаликларидан шартнома асосида сут қабул қилиниши эса аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун замин яратди. Янги иш ўринлари ташкил қилинди. Шу ҳудудда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари биринчи навбатда ишга қабул қилинди.
Бугун ўз брендига эга корхона республикамизнинг барча вилоятларига кириб борди. Ҳозирда 22 турдаги маҳсулотлари харидоргир, ўнга яқин савдо нуқталари фаолияти мавжуд. Қадоқланган қатиқ, айрон ва пишлоқларининг мазаси оғзингизда қолади.
— Сифат биз учун жуда муҳим, —дейди корхона иш юритувчиси Феруз Қуронбоев. — Ва бозор талабини ҳам назардан қочирмаймиз: ўрганамиз, изланамиз ва таҳлил қилиб борамиз. Сабаби, мижоз талабига жавоб беришимиз керак-ку… Озиқ-овқат маҳсулотларининг тури ҳам, хили ҳам жуда кўп. Шундай экан, ишлаб чиқариш кенгайган бугунги кунда бу алоҳида аҳамият касб этади. Айни кунда лойиҳанинг навбатдаги босқичи устида иш олиб боряпмиз. Янги биноимиз қурилишида банкнинг кўмаги катта бўлди.
Умумий қиймати 50 млрд. сўмлик лойиҳа бўйича замонавий кўринишда қад ростлаётган завод биноси ҳавас қиларли. Хориж технологияси асосида бу ерда яқин кунларда иш бошланади. Натижада “Тилло бобо издошлари”нинг маҳсулотлари дастурхонимиздан янада кенг ўрин олади.
Назрулло ҲАМРАЕВ.