Банк хизматларидан фойдаланишда
Банкнинг бирон-бир хизмат туридан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилишдан аввал, ушбу хизмат тури ҳақидаги маълумотларни ўрганиш, юзага келиши мумкин бўлган масалаларни аниқлаш ҳамда ўз мажбуриятларингизни (шу жумладан молиявий) англаб етиш талаб этилади.
Агар банк хизматлари шартнома тузиш асосида амалга ошириладиган бўлса, ушбу шартномани имзолашдан аввал унинг барча шартлари ва қоидаларини тижорат банкининг мутахассиси билан биргаликда диққат билан ўрганиб чиқиш зарур. Шартномада учраши мумкин бўлган нотаниш терминлар ҳамда шартнома қоидаларини тўлиқ тушуниш юзасидан банк ходимларига мурожаат этишдан уялманг. Чунончи, барча тижорат банкларида жисмоний шахсларга, шу жумладан, махсус молиявий билимларга эга бўлмаган мижозларга оддий, тушунарли тарзда банк маслаҳатларини бериш вазифаси юклатилган мутахассислар мавжуд.
Шартномани имзолашга шошилманг. Иложи бўлса уйга олиб кетиб, унинг барча шартларини диққат билан ўрганиб чиқиш зарур.
Шартномани имзолаш орқали сиз унинг барча шартларига рози эканлигизни тасдиқлайсиз ҳамда шартнома шартларини тўлиқ бажариш мажбуриятини ўз зиммангизга оласиз. Шартнома шартларини бажармаган тақдирингизда, банк судга даъво аризаси билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Кредит хизматлари ҳақида нималарни билиш керак?
Ҳар бир фуқаро тижорат банкидан ипотека ёки истеъмол кредитини олиш ҳуқуқига эга. Банкдан кредит олиш қарз олувчига кредитнинг асосий қарзини ҳамда ушбу кредитдан фойдаланган давр учун ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини юклайди. Бунда банк томонидан кредитдан фойдаланганлик учун қарз олувчидан қўшимча тўловларни ундирилишига йўл қўйилмайди.
Одатда, тижорат банклари томонидан кредитлар доимий даромадга эга бўлган, тўловга лаёқатли, кредит шартномасига асосан тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш қобилиятига эга фуқароларга ажратилади. Қарз олувчиларни кредитлаш қоидалари ҳамда уларнинг кредитга лаёқатлилик даражасини аниқлаш усуллари ҳар бир тижорат банки томонидан мустақил равишда белгиланади. Банк томонидан кредит ажратиш жараёнида қарз олувчи томонидан қўшимча харажатлар (гаров предметини суғурталаш, гаров шартномасини нотариал тасдиқлаш билан боғлиқ харажатлар ва ҳ.к.) кўзда тутилган бўлиши мумкин. Шунинг учун қарз олувчи кредит шартномасини имзолашдан аввал, барча қўшимча харажатларни ҳисобга олиши лозим.
Қарз олувчи кредит шартнома шартларини тегишли равишда бажармаса, банк кредитдан фойдаланганлик учун тўловни юқори фоиз ставкаларида, шунингдек, неустойка (жарима ва пеня) тўланишини талаб қилиши мумкин.
Ҳуқуқшунос М. Мамадалиев
тайёрлади.

