Бизнесда вақт пул демакдир

Наманганда тадбиркорлик борасида ўзига хос мактаб яратил­ган.  Жумладан, Чуст филиалининг мижози “Texnolog GR” МЧЖ  ақлли бизнеснинг бир кўриниши сифатида  вужудга келган.  Корхона 2000 йилда Чуст шаҳрида халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш билан ўз фаолиятини йўлга қўйди. Мана, 20 йилдирки  муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.  Бутун республика бўйлаб ўз мижозларига  эга бўлди. Ҳозирда  100 дан ортиқ  турдаги маҳсулотларини тақдим этмоқда.

— “Hamkorbank”нинг Чустдаги филиали билан ҳамкорликни 2019 йилда йўлга қўйдик, -дейди корхона бош ҳисобчиси Анвар Расулов. — Унгача  ҳисоб-рақамларимизни бошқа банкда юритар  эдик. Бу банк­нинг тез ва сифатли хизмати эътиборимизни тортди. Бизнесда вақт — пул ҳисобланади.  Тадбиркорга энг керакли нарса — вақтни йўқотмаслик имкониятини айнан  “Hamkorbank”дан топдик ва унинг мижозига айландик. Ҳамкорликнинг илк  босқичидаёқ  230 минг евро миқдоридаги кредит  шарт­номасини имзоладик. Бу маблағ  ишлаб чиқаришимизни модернизация қилиб, янги  дастгоҳлар сотиб олиш учун зарур эди.

Ҳа, Чуст филиали  “Texnolog GR”нинг эҳтиёжини қондирди. Корхона берил­ган молиявий кўмак ҳисобига ўз фаолиятини янада ривожлантирди. Айни пайтда ишлаб чиқариш ҳажми ойига 200 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

120 нафар ишчи фаолият юритаётган бўлса, улар учун керакли шароитлар яратилган. Бир маҳал иссиқ овқат ва етарли миқдордаги ойлик маошга эга бўлаётган ишчилар  кўрсатилаётган муносабатдан мамнун.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган  турли хилдаги мебель эҳтиёт қисмларига  талаб юқори. Замонавий безаклар харидоргир. Айниқса, эшик-ром усталари маҳсулотларга катта  қизиқиш билдирмоқда.

Бугун мебелсозлик кенг ривожланган  бир даврда “Texnolog GR” каби корхоналар фаолияти олдинга қараб бораверади.

Н.ТЎХТАМАТОВА