БОЙ БЎЛИШ АСОС ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ
Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил — бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак.
Ш. Мирзиёев
Камбағалликка қарши кураш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш долзарб вазифага айланди. Бугунги ислоҳотлар замирида ҳам ана шу мақсад мужассам. Хусусан, республикамизда эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича “Темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди, комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш ҳаётий заруратга айланди.
Жорий йилда “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилди. Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил — бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши. Маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилиши кўзда тутилган ва илк босқичлари бошланди. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия ажратилиб, бюджетдан 100 миллиард сўм тақсимланиши кўзда тутилган. Курсларни тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади. Камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил — қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш ҳисобланади.
Ўз-ўзини банд қилган (дарвоқе, бу ҳам камбағалликни қисқартиришда яхши дастак бўлиши мумкин) аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда бир қанча чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолияти қонуний тарзда йўлга қўйилди. Албатта, иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат экан, ушбу стратегик мақсадларга ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади. Ва бу борада комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш лозим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилди. Бу трансформация бежиз амалга оширилмади. Макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, қашшоқликни камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналарни ўзгартириш ва жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш каби вазифалар янги вазирлик зиммасига юклатилди.
Аҳолининг айнан шу қатламига (ижтимоий ҳимояга муҳтож) “тайёр балиқ”нинг ўзини эмас, балки, “қармоқ”ни бериш даркор. Уларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш ва камбағалликни қисқартириш ишларининг бошланишида маҳаллабай юриб, хонадонларда фойдаланилмаётган томорқаларда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали ҳар бир оила ўз рўзғорини тебратиб, ортган қисмини ички бозорга етказиб бериши ҳам анча самара беради. Чорвачилик, боғдорчилик, касаначилик ва миллий ҳунармандчилик соҳаларида ўз-ўзини банд қилганлар учун турли субсидиялар бериш орқали фаолиятини ривожлантириш мумкин. Ўша маҳаллада яна қўшимча иш ўринларини яратишга туртки бўлар, бекорчи кимсаларнинг бандлиги таъминланар. Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб етишимиз керак — камбағалликни қисқартириш кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш ёхуд эҳтиёжларни қондириш билангина ҳал бўлиб қолмайди. Зеро ҳар бир инсонда меҳнатга бўлган иштиёқ тўқ яшаш имконини бериши, шубҳасиз.
Нурилло ҲАЛИЛОВ,
Андижон машинасозлик институти доценти.