Вафот этган ходимнинг
Иш Ҳақи кимларга берилади
Савол: Ишловчи ходим вафот этган тақдирда унинг олинмаган иш ҳақи кимга берилади?
Санжар Алимов, Наманган.
— Ўринли савол. Ҳаётда бундай ҳолат бўлиши табиий. МКнинг 162-моддасига мувофиқ ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек, меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилиши мумкин.
Хўш, кимлар оила аъзоси саналади? Оила кодексининг 5-моддасига мувофиқ қуйидагилар оила аъзолари жумласига киритилади: эр-хотин, ота-она, болалари (фарзандликка олинганлар ва фарзандликка олганлар). Дарвоқе, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида никоҳи рўйхатдан ўтказилганлар эр-хотин ҳисобланади. Тегишли равишда, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳдаги турмуш ўртоғи вафот этган ходимнинг иш ҳақини олишга ҳақли бўлмайди .
Меҳнат кодексида иш ҳақини олишга ким (вафот этган ходимнинг турмуш ўртоғи ёки унинг ота-онаси) устувор ҳуқуққа эга бўлиши қайд этилмаган. Шу боис иш берувчига биринчи бўлиб мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни тақдим этган оила аъзосига ёки қарамоғидаги шахсга ходимнинг иш ҳақини бериш мумкин.
Вафот этган ходимнинг иш ҳақини беришни сўраб мурожаат қилган шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
вафот этган ходимнинг иш ҳақини олиш учун ёзма шаклдаги ариза;
паспорт ёки олувчининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
вафот этган ходим билан қариндошлигини ёки унинг қарамоғида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқалар).
Агар турмуш ўртоғи биринчи бўлиб иш ҳақини беришларини сўраб мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни тақдим этган бўлса, хавотирланишга ҳожат йўқ. Унга вафот этган турмуш ўртоғининг иш ҳақи берилса, қонун бузилмайди. Иш ҳақини олишга бўлган ҳуқуқини тақдим этган бошқа қариндошларига иш ҳақи берилганлиги тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилади.
Музаффар Мамадалиев,
Жалақудуқ банк хизматлари ҳуқуқшуноси.

