ГАЗЛАМАЛАРИМИЗ ХОРИЖДА ҲАМ ХАРИДОРГИР
Туркиялик Фират Дениз тўқимчилик саноатидаги йирик инвесторлардан. 2016 йилда унинг сармояси асосида ташкил этилган “ZELAL TEKSTIL” Ўзбекистондаги етакчи тўқимачилик корхоналаридан бирига айланди. Ҳозирда 1000 дан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритади, кунига 70 минг килограмм трикотаж матолари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Маҳсулотларимиз миллий бозорда ҳам, хорижда ҳам харидоргир. Фахрланиб айта оламанки, юртдошларимизнинг меҳнаткаш қўллари ёрдамида дунё юзини кўраётган юқори сифатли, бир-биридан ёрқин ва гўзал, турли мавсумга мўлжалланган газламалар бир неча йиллардан буён Туркия, Россия, Европага ва бошқа қатор давлатларга экспорт қилинмоқда. Трикотаж, интерлок, футер, рибана ва жерси каби матолар ана шулар жумласидан.
Матоларни яратиш жараёни юқори технологияларга асосланган. Шу пайтгача харидорлар томонидан сифат борасида эътироз эшитмаганмиз. Аёл киши бўлганлигим учун газламаларнинг кайфиятга таъсирини яхши тушунаман. Эгнидаги либоси қай даражада сифатли ва ярашимли бўлса, инсоннинг ўзига бўлган ишончи ортади. Ўйлайманки, бизнинг матоларимиз ҳам ҳар қандай кийим шаклида харидорларни қувонтиради.
Фират Дениз нафақат “Zelal Tekstil”, балки, бошқа йирик тўқимачилик фабрикаларига ҳам эгалик қилади. Унинг юртимиздаги яна бир корхонаси “Deniz Teks” тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бундан ташқари, кўп қаватли турар-жой мажмуалари ва тижорат биноларини қуришга ҳам катта сармоя киритмоқда. Тадбиркорнинг қурилиш лойиҳалари илғор технологиялар, замонавий меъморчилик ва юқори сифатли материаллар билан ажралиб туради. Ҳар бир объект фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган.

Тажрибали инвесторнинг стратегик инвестициялари мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
2023 йилда “Hamkorbank” билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ҳозирда корхонамизнинг молиявий операцияларини Олмазор универсал банк хизматлари офиси юритмоқда. Ишчиларимизнинг маошлари ҳам айнан шу банк орқали ўз вақтида ва қулай тарзда уларнинг ҳисоб рақамларига етказилади.
Корхонамиз мавжуд маблағларини бошқаришда ҳам, зарурат туғилганда кредит олишда ҳам “Hamkorbank”ка ишонади. Биз банкдан, банк эса биздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилган ҳолда самарали ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз.
Комила БОЙМИРЗАЕВА,
“Zelal Tekstil” корхонаси директор ўринбосари

