ТАРМОҚСИМОН ПОЛИЭТИЛЕН ЭНДИ ЎЗИМИЗДА
Бугунги ҳаётимизни электрон техникаларсиз тасаввур қилиш қийин. Тараққий этган даврда ҳар бир жиҳоз ёки буюмдан фойдаланиш электр билан боғлиқ. Электр токи эса кабеллар орқали ҳаракатланади. Ва бу ҳаракатнинг хавфсиз бўлиши уни ҳимоялаб турган устки қопламаларнинг сифатига бевосита дахлдор. Шунда хотиржамлигимиз таъминланади.
2025 йил Қашқадарё вилоятида замон талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқарувчи яна бир корхона ўз фаолиятини йўлга қўйди. Электрон техника йўналишидаги ушбу лойиҳани ҳудуд учун истиқболли деб аташ мумкин.
“Nasaf XCP Techno” номи билан юритилувчи МЧЖ Шўртан газ-кимё мажмуаси, Хитойнинг “Yunnan Xinchengpeng Polymer Technology” компанияси ҳамда “Techno Cable Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан таъсис этилди. Натижада 21 нафар фуқаро иш ўрни билан таъминланди.
Қарши шаҳрида 1,5 гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган ушбу корхона йилига 35 минг дона тармоқсимон полиэтилен ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу турдаги маҳсулот оддий полиэтиленга қараганда мустаҳкам, эластик ва юқори ҳароратга чидамлилиги билан ажралиб туради. Шу пайтгача ушбу хомашё Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон каби давлатлардан катта харажат эвазига олиб келинган эди. Энди эса ички бозорнинг йиллик 25-30 минг тонналик эҳтиёжи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қопланади.
Лойиҳа қиймати 25 миллион долларни ташкил этиб, 4 босқичда амалга оширилади. 3 миллион доллар инвестиция ҳисобига лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди ва Хитойдан замонавий технологиялар олиб келинди.
— Дастлабки линияда шиван ёрдамида чокланган полиэтилен компаунд чиқарилади ва 10 киловаттгача бўлган кабелларнинг изоляцияси учун ишлатилади. Кейинги босқичларда 35 киловаттгача бўлган кабеллар изоляцияси ва охирги босқичда кабелнинг ўзини ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнини маҳаллийлаштириш 70 фоизга етказилди, — дейди қўшма корхона директори ўринбосари Таваккал Узоқов.
Хўш, бу нима беради? Албатта, иқтисодий ривожланиш учун яхшигина имконият. Аввало, импорт ҳажми 30 миллион долларгача камаяди. Бу эса маблағларнинг ўзимизда қолишини, тежалишини ва маҳаллий меҳнат бозорида 65 та янги иш ўрни яратилишини англатади. Ички саноат тармоқлари янада тараққий топади.
Энг муҳими, нима биласизми? “Hamkorbank” мижозлари сафига яна бир йирик корхонанинг қўшилгани. МЧЖ фаолиятининг илк давриданоқ Қашқадарё МБХОнинг мижозига айланди. У молиявий масалаларда айнан шу банк билан ҳамкорлик қилишни истади. Бир йилдан буён “Nasaf XCP Techno”нинг ҳисоб рақамини МБХО юритиб келмоқда. Корхона фаолиятининг кейинги босқичларида ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Н. СУЛАЙМОНОВА

