ГРИПП ВА «COVID» УЛАРНИНГ ФАРҚИ НИМАДА

Қишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири грипп касаллигининг кенг тарқалишидир. Бу эпидемия ҳаво томчи йўли орқали юқиш хусусиятига эга бўлганлиги учун иммун тизими кучли айрим кишиларнигина четлаб ўтиши мумкин. Айни кунларда грипп хасталиги билан бир вақтда аҳоли ўртасида “Covid” инфекцияси ҳам кўп кузатилмоқда. Шу мавзу юзасидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали шошилинч терапия бўлими врач-терапевти Гулбаҳор СОипова билан суҳбатлашдик.
— Гулбаҳор опа, биламизки, грипп вируси ҳар йили ҳар хил штамплар билан кечади. Бу йил қандай белгилар орқали кузатилди?

— Бу мавсумдаги грипп касаллиги кўпроқ юқори нафас йўлларининг яллиғланиши, яъни бурун битиши, томоқда оғриқ, йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши, аксириш каби белгилар билан кечмоқда.
— Гриппга оддий қараб, уни бепарво ўтказиб юборамиз. Бу тўғрими? Ундан қандай ҳимояланишимиз керак?
— Грипп ўзидан турли асоратлар қолдириши билан хавфли. Масалан, пневмания, гайморит, ангина каби юқори нафас йўлларининг турли касалликларига сабаб бўлиши мумкин. Ҳимояланиш учун вакцина олиш, иммунитетни кўтариш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш жуда муҳим. Оилада бир киши гриппга чалинса, дарҳол уни яккалаб, касалликдан оиланинг бошқа аъзоларини ҳимоя қилиш зарур.
— Сир эмас, айни пайт­да “Covid” ҳам грипп хасталигига ўхшаш белгилар билан кечмоқда.
— Тўғри, “Covid”нинг бу йилги симптомлари грипп­га ўхшайди. Масалан, томоқ оғриғи, йўтал, юқори ҳарорат. Аммо гриппда “Covid”даги каби ҳолсизлик, иштаҳасизлик, ўпканинг яллиғланиши кузатилмайди. Коронавирус инфекциясида эса юқоридаги ҳолатлар билан бирга қўрқув, ваҳима ҳам юзага келади. Бемор ҳолсизликдан ётиб қолиши мумкин.
— Грипп билан “Covid”нинг фарқи қандай усул билан аниқланяпти?
— ПЦР ва қон таҳлили ёрдамида. Беморнинг юқори нафас йўлларидан суртма олиш, яъни ПЦР текшируви орқали вирус аниқланади. Агар бу йўл билан аниқланмаса, қон таҳлили ўтказилади. Сабаби, коронавирус маълум муддатдан сўнг юқори нафас йўлларидан қонга ўтиши мумкин. Аниқ ташхис эса қон таҳлилидан сўнг қўйилади.
— Ҳануз бу касаллик аҳоли учун хавфли бўлиб қолмоқдами?
— Ҳа, албатта. Мутациялашиш жараёнида касалликнинг хавф­лилик даражаси анча пасайиб, ўлим ҳолатлари камайди. Ўтган йилги “Covid” ҳид ва таъм билиш сезгиларининг йўқолиши, юқори ҳарорат билан кечган. Бу йилги коронавирусда бундай аломатларни учратмаймиз. Аммо, барибир, у қўшимча касаллиги бор беморлар ва ёши катта инсонлар учун хавфли ҳисобланади. Қандли диабет ва юрак-қон томир хасталигида иммун тизими кучсиз бўлгани учун вирус дарҳол ўпкага ҳужум қилиб, уни жароҳатлайди. Натижада ўпка етишмовчилиги юзага келади. Шу боис қўшимча касаллиги бор беморда “Covid” белгилари кузатилдими, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
— “Covid”нинг ёш болаларда ҳам кузатилаётгани ростми?
— Коронавирус касаллиги ёш болаларда ҳам учрамоқда, лекин жуда кам. Кузатувларга қараганда, болаларда бу касаллик кўпроқ ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши билан намоён бўлмоқда. Аммо гўдакларда иммунитет юқори бўлгани учун касаллик тез ва енгил ўтиб кетади.
— Грипп ва “Co­vid” муолажасини ўқувчиларимизга яна бир бор эслатиб ўтсангиз.
— Гриппни симптомларига қараб даволаш мумкин. Томоқда ёки бурунда кечишига қараб. “Covid” учун эса махсус миллий протокол ишлаб чиқилган. Мана шу протокол асосида мутахассис шифокорлар даволаш ишларини олиб боради. Биз “Covid”нинг манфий ташхиси билан келган, аммо турли асоратларга чалинган беморларга тезкор зарурий даво чораларини қўллаймиз. 2-3 кунда беморларнинг ҳолати яхшиланиб, режали шифохоналарга жўнатилади.

Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.