ЕНГИЛМАЙДИГАН “АБУБАНКИР”
Нукус филиали банк тактикасини қўллаш ва ижро этиш борасида жуда фаол. Энг юқори кўрсаткичлар рўйхатида, албатта, бу жамоанинг номи қайд этилган бўлади. 2020 йил якунлари бўйича “Йилнинг энг яхши CPO менежери” дея эътироф этилган Абубакир Жолдасбаев ҳам мазкур филиалнинг ходими. Унинг ўтган йилда эришган ютуқлари ҳавас қиларли даражада.
— 2014 йилнинг бошида филиалимизга стажёр бўлиб келганман. Бир ярим йил иш ўрганувчи бўлиб юрдим, стажёрлик муддатингиз тугади, деб айтишса ҳам кетмадим. Бу ҳолат кўпчиликка нотабиий туюлиши мумкин. Аммо банк соҳасига бўлган иштиёқим, айниқса, “Hamkorbank”ка меҳрим тушиб қолгани умид ва сабр қилиш учун куч берди. Аслида табиатан бир ишни бошласам, охирига етказмай қўймайман. Ниҳоят 2015 йилда расман ишга қабул қилиндим. Ўша кунларнинг мукофотини энди кўряпман. Шукрки, жамоада ўзига яраша ўрним ва ҳурматим бор. Ишимга нисбатан масъулиятлиман.
Карантин пайтида ҳам меҳнат таътилига чиққанимга қарамай, ишга қатнашда давом этдим. Яқинларимнинг эътирозига ҳам қулоқ тутмадим. Ваҳоланки, бунга мени ҳеч ким мажбур қилмади. Меҳр етаклаб келди иш жойимга.
Жамоадошларим ҳазиллашиб мени “Абубанкир” деб чақиради. Кунимнинг катта қисми ишхонамда ўтгани, ҳаётим, орзу-мақсадларим банк билан чамбарчас боғланиб кетгани учун ҳам шундай ном қўйишган бўлса керак.
Кредит дастури (CPO) менежериман, мижоз томонидан тақдим қилинган кредит портфеллари билан боғлиқ амалиётларни бажараман. Яъни кредит чиққунчалик бўлган жараёнда мижозлар билан ишлайман. Ҳужжатларини қанча эрта тайёрласам, кредитлар шунчалик тез чиқиб, филиалнинг иши илгари кетади.
Мен учун бажараётган вазифамнинг қийинчилиги йўқ. Салгина мураккаб томони ой охирига келиб, кредит йиғма жилдлари тўпланиб қолиши мумкин. Мана шу пайтда уларни чиқаришга улгуриш керак. Лекин бирон марта улгурмай қолганимни эслай олмайман.
Болалигимда уч йил футбол интернатида таҳсил олганман. Футбол — энг севимли машғулотим. Қизиқишим баъзида чарчоқларни ҳам унуттиради. Кўпинча эрталабда футбол ўйнаб, кейин ишга йўл оламан. Агар сизда бирон машғулотга кучли иштиёқ бўлса, на вақт танқислиги, на чарчоқлар тўсқинлик қилади. Ташкилотлар ўртасида ўтказилган кўплаб футбол мусобақаларида “Энг яхши ўйинчи”, «Энг яхши ҳужумчи» номинацияларини қўлга киритганман. Агар бу йил “Hamkorbank”да футбол турнири ташкил этилса, жамоамиз билан ғолибликни мақсад қилганмиз.
Номинация ғолиби бўлганимни эшитган пайтим уйда футбол томоша қилиб ўтиргандим. Бўлимимиз бошлиғи қўнғироқ қилиб, телеграм каналимизга киришимни айтди. Тўғриси, бу гапни эшитиб, бирон хато қилдиммикан, деб қўрқиб кетдим. Хушхабарни эшитгач, йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмай қолдим. Кутилмаган янгилик мени қувончу ифтихорга тўлдирди. Меҳнатларим эътирофидан бошим кўкка етди.
Мақтанишмас-у, жамоадошларимизнинг тўй ва бошқа маросимларида, байрам тадбирларида ташкилотчиликни ўз бўйнимга оламан. Ҳамкасбларимни тадбирга таклиф қилишдан тортиб, даврани қиздириш, бошловчилик қилиш, қўшиқ куйлаш, саҳна кўринишлари билан иштирокчиларга кайфият бағишлашгача бўлган барча жараёнларда фаол иштирок этаман. Балки, энг фаоллардан бири сифатида тан олинишимда стандартларни бажаришим, операцияларни сифатли амалга оширишим билан бирга, мана шу омиллар ҳам ҳисобга олингандир. Ютуғимда филиалимиздаги ҳар бир ходимнинг катта ҳиссаси бор ва бунинг учун уларга чин дилдан ташаккур айтаман.
“Инсон битта жойда униб-ўсиши керак. Қийинчиликлар, турли тўсиқлар унинг бошқа жойдан роҳат излашига сабаб бўлмаслиги зарур”. Албатта, бу менинг ҳаётий қарашларим. Яқинда 34 ёшга тўламан. Уч нафар фарзанднинг отасиман. Аллоҳим куч, идрокимдан мосуво қилмаса, шу банкда ишлаб, катта ютуқларга эришсам, банкимиз ривожига ўз ҳиссамни қўшсам, дейман. Бу тизимда маза қилиб меҳнат қилишингиз учун барча шароит муҳайё қилинган.
Абубакир билан суҳбатлашиш жараёнида унинг жуда кўп қирраларини билиб олдим. Бу йигит худди қайнар булоқдек истеъдодга бой, инсонийликка ошно экан. Уни худди очилмаган қўриққа ўхшатиш мумкин. Суҳбатлашиб, юрагига кириб борсангиз, жуда бепоён дунёни кўрасиз. Қалбига катта оламни жо қилиб олганидан ҳайратга тушасиз. Қисқа қилиб таъриф берганда, сабрли, мақсадли, истеъдодли ва енгилмас…
Нигора МИРОЛИМ қизи ёзиб олди.