ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СИЗНИНГ ҲАМ ВАЗИФАНГИЗ
Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласи “фуқаро – жамият – давлат” тамойили асосидаги стратегик ҳамкорлик, ижтимоий барқарорлик ва ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлашнинг асосий кафолатига айланди. Ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ННТ ва ОАВнинг роли сезиларли даражада кучаймоқда.
Таъкидлаш лозим, фуқаролик жамияти институтларининг жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги иштироки “профилактик ишларга кўмаклашувчи” механизмига трансформация қилинмоқда. Бу борада жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтларининг фаоллашуви жойларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ҳамда жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли таҳлил қилишда давлат органлари учун муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш жадаллашаётган бир пайтда, жиноятчиликнинг янги шакллари, шу жумладан, кибержиноятлар, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва “хуфёина” иқтисодиёт хавфлари ортиб боряпти. Ушбу таҳдидларга нисбатан қатъий чоралар белгилангани хавфсизлик тизимини тубдан модернизация қилиш заруратини кўрсатмоқда. Айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминлашда маҳалланинг асосий бўғин сифатида белгиланиши соҳадаги ишлар кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилишидан далолат бермоқда.
Маълумки, Ўзбекистонда маҳалла институти асрлар давомида ижтимоий назорат ва хавфсизликни таъминловчи ноёб тизим бўлиб келган. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида[1] 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани ушбу институтнинг жамоат тартибини сақлашдаги ролини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Андижон вилоятидаги 879 та маҳалла фуқаролар йиғини бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашувчи маскан эмас, балки “хавфсиз муҳит” яратувчи марказ сифатида гавдаланмоқда. Профилактика инспекторларининг “маҳалла еттилиги” вакиллари билан бир ёқадан бош чиқариб ишлаши натижасида низоли вазиятларни маҳалланинг ўзида ижобий ҳал этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим омиллардан бири бўлмоқда. Ҳар бир ҳудудда “хавфсиз хонадон – хавфсиз кўча – хавфсиз маҳалла” тамойили асосида иш олиб борилиб, бу тизим маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари иши бўлиб қолмай, балки самарали ижтимоий шериклик моделига асосланган фаолиятга айланди. Хусусан, ҳудуддаги 613 та нодавлат нотижорат ташкилоти бугунги кунда тизимнинг мафкуравий ва ижтимоий таянчи сифатида эътироф этилмоқда.
Ушбу институтлар “юқори хатар гуруҳи”га мансуб ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашда давлат идоралари етиб бормаган жойларни қамраб олмоқда. ННТларнинг манзилли ва мақсадли лойиҳалари жамиятда ижтимоий иммунитетни кучайтириш баробарида, фаол фуқаролик позицияси ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим бўғин бўлмоқда.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолининг ҳуқуқий дунёқарашини шакллантиришда муҳим ахборот-маърифий платформага айланди. Бу ўз навбатида, ҳар бир ҳуқуқбузарликка нисбатан жамиятда кескин ва муросасиз муҳитни яратиш ҳамда ижтимоий барқарорликни ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда жамоат хавфсизлиги тушунчаси фақатгина жиноятчиликка қарши кураш билан чекланмаган, муттасил давом этадиган ижтимоий-сиёсий жараён ҳисобланади. Инсоннинг ўз уйида, маҳалласида ва иш жойида ўзини эркин ҳамда ҳимояланган ҳис қилиши, эртанги куни ва фарзандлари келажагига бўлган мустаҳкам ишончини ифодалайди.
Адҳамжон УЗАҚЖАНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказиАндижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси

