Жаҳон бозорида ўз ўрнимизни топамиз

Пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқарувчи “Gulistan Gold Yarn” масъулияти чекланган жамияти 2014 йилдан бошлаб фаолият юритиб келмоқда. 2016 йилдан “Hamkorbank” АТБнинг Гулистон филиали мижози ҳисобланади.
Корхонамизга 2 млн. 602 минг АҚШ доллари миқдорида ажратилган кредит ҳисобига янги, замонавий дастгоҳлар сотиб олдик, қаддимизни ҳам тикладик, ривожландик. Ўша кезларда 50 нафар ходим билан фаолият юритганмиз. Ҳозирда 200 дан ортиқ ишчи-ходим бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилмоқда. Уларнинг 120 нафарини ёшлар ташкил қилади.
Ўтган йили ишлаб чиқариш қувватининг 200 фоизга ошиши — жамоамизнинг аҳил ва бирдамлиги самарасидир. Маҳсулотларимизни Россия, Туркия, Польша, Хитой ва Покистон каби давлатларга экспорт қилаётганимиз мақтанишга арзирли. Даромад ҳам шунга яраша ишчи-ходимларнинг турмуш фаровонлигининг асоси бўлмоқда. Рағбатлантириш бор жойда иш унумининг самараси юқори бўлишини раҳбарлик қилиб билдим.
Жамоамизни бир оилага қиёслайман. Байрамларни кўтаринки руҳда нишонлаймиз. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча шаҳарлари, тарихий обидаларини кўриш, муқаддас жойларига саёҳатлар уюштириш, табиат қўйнида дам олиш тадбирларини ташкил этиш анъанага айланган. Кайфият яхши бўлган жойда ўсиш, ривожланиш бўлади.
Мақсадларимиз бисёр. Тадбиркорлигимизни кенгайтириш ва маҳсулотларимизни тўла жаҳон бозорида сотиш, қўшимча иш ўринлари яратиб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ривожига ҳисса қўшишни режалаштирганмиз.

Акмалжон ДУШАБАЕВ,
“Gulistan Gold Yarn” МЧЖ раҳбари.