ЗАНЖИРНИНГ ҲАР БИР БЎҒИНИ МУСТАҲКАМ
Ривожланган йирик компаниялар ҳам дастлаб ўз ишини кичик бир фаолият туридан бошлаган. Масалан, Кореянинг йирик «LG Electronics» компанияси дастлаб кир ювиш кукуни, “Toyota” тикув машиналари ишлаб чиқарган бўлса, “Samsung” компанияси эса озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳамда минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи етакчи компания сифатида танилган “IFODA AGRO KIMYO HIMOYA” масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз фаолиятини дастлаб автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этишдан бошлаган. Кейинчалик ёқилғи тармоғи кенгайиб, метан газ қуйиш шохобчаларини очди.
2006 йилда компаниянинг ташкилотчилари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва фермерларга кўмак бериш мақсадида минерал ўғитлар савдосига қўл урди. Тез орада юқори натижаларга эришгач, “DUPONT” компаниясининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси билан шартнома тузиб, маҳсулотларини водий вилоятлари бўйлаб тарқатишни йўлга қўйди.
Савдо ҳажми ошиб бораётганини кўрган «DUPONT» компанияси бутун Ўзбекистон бўйлаб диллерлик хизматини айнан “IFODA AGRO KIMYO HIMOYA” қўшма корхонасига топширди. Компания қишлоқ хўжалиги ташкилотларига турли агрокимёвий маҳсулотларни етказиб бериш билан бирга чет элдан маҳсулот олиб келишни ҳам йўлга қўяди. Кун сайин ривожланган компания банкротлик ёқасида турган “Мехмаш” акциядорлик жамиятини ҳам сотиб олди, қурилиш учун труба ва шуруплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Бугунги кунда “IFODA AGRO KIMYO HIMOYA” қўшма корхонаси фаолиятига ҳавас қилса арзийди. Айни пайтда компания маҳаллий хомашё ҳисобига ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда сотиш баробарида Хитой, Туркия, Италия, Бельгия, Россия каби хорижий давлатлардан хомашё келтириб, 65 турдаги кимёвий препаратлар, ҳосил унумдорлигини ошириш учун мўлжалланган 39 турдаги мураккаб таркибли NPК минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйган.
Республика бўйлаб жамиятнинг 90 дан ортиқ савдо филиаллари орқали мижозларга сифатли хизмат кўрсатиляпти. 45 та кластер билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Қарийб 30 минг фермер хўжалиги компания маҳсулот ҳамда хизматларидан фойдаланмоқда.
Яқинда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Оқтош шаҳарчасида МЧЖнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги корхонаси очилди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 30 минг тонна. Лойиҳанинг умумий қиймати 17 млрд. сўмга баҳоланган янги заводнинг умумий майдони 1 гектарни ташкил этади.
Компания маҳаллий бозорда бундан буён ҳам етакчи бўлиб қолиш, аграр соҳанинг инновацион илғор иштирокчиси мақомини мустаҳкамлаш ҳаракатида. “IFODA”нинг муваффақият калити — жамоа бўлиб ишлаш, занжир каби ҳар бир бўғиннинг мустаҳкамлигини таъминлашда. Зеро компаниянинг шиори ҳам унинг мақсадини тўлиқ ифода этади.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

