ЗАФАР САВУРБАЕВ: “ҲАЁТ ФАҚАТ ИШДАН ИБОРАТ ЭМАС”
Айрим раҳбарлар ишхонасида ҳам, оиласида ҳам ўта қаттиққўл, “Фақат менинг айтганим бўлади”, деган фикр билан яшаса, баъзилар ҳамма билан муроса қилишни афзал кўради. Яна бошқа тоифадаги раҳбарлар учун эса бошқариб турган лавозими ҳамма нарсадан, ҳатто оиласидан ҳам муҳимроқ. “Hamkorbank”нинг Юнусобод филиали бошқарувчиси Зафар САВУРБАЕВ билан суҳбатимиз раҳбарнинг оиласи олдидаги масъулияти хусусида кечди.
— Суҳбатимизни банк соҳасига қизиқишингизга туртки бўлган сабаблар билан бошласак?
— Бунга мен ўқиган банк ишига ихтисослашган Тошкент молия институти сабаб бўлган. Тўрт йил давомида ўзим сезмаган ҳолда банк ишига шунчалик қизиқиб кетдимки, тезроқ институтни битириб, ишлашни хоҳлардим. Ўша вақтларда институтимиз иқтисод йўналишида энг нуфузли олийгоҳлардан бири эди.
— Раҳбарлик фаолиятингизда биринчи эътиборни нимага қаратдингиз?
— Филиал бошқарувчиси сифатида фаолиятимни 33 ёшимда бошладим. Бўлим бошлиғи, бошқарувчи ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаганман. Бу ёшда ҳар қандай одамда “вазифамни уддалай олармиканман”, деган қўрқув бўлиши табиий. Ахир кўпчиликнинг юкини кўтариш осон эмас. Раҳбар ходимларнинг моддий таъминотидан тортиб, соғлиғи, оилавий муаммоларигача масъул. Уларнинг муаммосига нописанд қарасангиз, ишончсизлик пайдо бўлади. Бу эса ишга нисбатан лоқайдликка олиб келади.
Раҳбар сифатида биринчи эътиборни жамоага каратдим. Ҳамкасблар билан тил топишиш, ҳар бир ходимнинг мотивациясини аниқлаш ва соғлом муҳит яратиш муҳим масала. Чунки ҳар қандай натижага ходимлар орқали эришилади, уларсиз раҳбарнинг бир ўзи ҳеч нарса қила олмайди.
— Ҳозирги кунда ҳамманинг банкка иши тушади. Айтайлик, бирор яқин дўстингиз ёки қариндошингиз кредит масаласида ёрдам сўраса, қандай йўл тутасиз? Бизда ўзбекчилик деган нарса бор. Ёрдам бермасангиз, дашномга қоласиз.
— Муаммога муаммо сифатида қарамасликка интиламан. Унинг ечими қаердадир турган бўлади. Танишларимнинг илтимосига келсак, белгиланган тартибда кўриб чиқишга ва тўғри маслаҳат беришга ҳаракат қиламан. Одатда, бунақа мурожаатлар кўп бўлмайди, чунки ҳозирда ҳамма банклар очиқ, бир-биридан қулай хизматларни таклиф қилмоқда. Банк тизими аллақачон мижозлар асосий омил эканлигини тушуниб етган.
— Ота сифатида фарзандларингиз билан қандай муносабатда бўласиз? Болаларча берадиган саволларига асабларингиз таранглашмай, жавоб бера оласизми? Фарзандларингизнинг олдингизга қўядиган талабларини бажарасизми?
— Фарзандларим ҳали ёш бўлганлиги боис уларга қаттиққўл эмасман. Катта бўлишганда ҳам тил топишиб, дўст бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳар қандай саволларига эринмасдан жавоб бериш керак, деб ўйлайман. Имконият даражасида улар учун фойдали бўлган нарсаларни олиб бераман. Улғайганда мустақил бўлиб, ҳамма нарсага ўз кучи билан эришишлари тарафдориман.
— Ишдаги муаммоларни ечишда қийналсангиз, кимдан маслаҳат оласиз?
— Иш бор жойда муаммо бўлиши табиий. Биринчи маслаҳатни, албатта, отамдан оламан. Улар билан ишимдаги долзарб масалалар юзасидан маслаҳатлашиб тураман. Устозлар ва тажрибали ҳамкасблар фикрларига ҳам таянаман. Ҳамма гап ҳамжиҳатликда.
— Қўл остингиздагиларнинг оиласида муаммо туғилса, ечишда ёрдам бера оласизми?
— Агар айтишса, албатта, ечим топишга ҳаракат қиламан. Гап шундаки, ходимлар ҳар доим ҳам шахсий муаммоларини раҳбарга айтавермайди. Раҳбар кўп ҳолларда эътиборлироқ бўлиб, ўзи англаб олиши керак. Оиласида хотиржамлик ҳукм сурса, ишида унум бўлади.
— Ишхонасидаги муаммоларни, яъни иши кўплигини рўкач қилиб, ўзини оиласидан олиб қочадиган, уйига фақат ухлаш учун бориб келадиган раҳбарларни қандай баҳолайсиз?
— Уларга кетаётган йўлларида бироз тўхтаб, бошни кўтариб, қаёққа кетаётгани ҳақида мулоҳаза қилиб олишларини маслаҳат берган бўлардим. Ҳаёт фақат ишдан иборат эмас, бугунги кунда қанча вақт ишлаганига эмас, самарали ишлаганига қараб баҳо беришади.
— Шахсан ўзингиз раҳбарлик ва оталик ролини қандай уддалаяпсиз?
— Агар эркак киши масъулиятли бўлса, оиласини ҳам, раҳбарлик лавозимини ҳам бирдек олиб боради. Оталик ўрни раҳбарликка алмашиб қолса, яқинлари ўртасида норозилик келиб чиқади. Шу боис маҳалла-кўй, қўни-қўшниларнинг тўй-маъракаларига вақт топиб қатнашаман. Кабинетда ўтиравериб, жисмоний меҳнатни соғиниб қоламан. Дам олиш кунлари оилавий спорт билан шуғулланамиз. Ишда раҳбар, оилада ота эканимни унутмайман.
Нигора РАҲМОНОВА суҳбатлашди.