Ижтимоий ҳимояланишга ким ҳақли?

Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини енгиллаштириш ҳамда ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш долзарб вазифалардан бирига айланди.  Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилган.

2020 йил 1 сентябрдан  ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Бу ижтимоий нафақаларни тайинлашда инсон омилисиз оиланинг муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, кам таъминланган ва кам даромадли оилаларга нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизимидир.

Ягона реестрнинг афзаллиги шундаки, биринчидан, эҳтиёжманд фуқаролар томонидан тақдим этиладиган маълумотларга зарурат бўлмайди. Ижтимоий нафақаларга ариза бериш жараёни  енгиллашади ва маълумотларни йиғишда ортиқча сарсонгарчиликларга барҳам берилади. Шунингдек, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни та­йинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффофлашади. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор фақат Ягона реестр ахборот тизими томонидан (унга киритилган мезонлар асосида) қабул қилинади, бунда ҳеч қандай инсон омили мавжуд бўлмайди. Асосийси, ушбу база орқали автоматик тарзда барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имкони яратилади.

Илгарилари ижтимоий нафақаларни олиш учун ёрдамга муҳтож фуқаро оиланинг таркиби ва даромади тўғрисидаги маълумот ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжат, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома, агар болалар васийликка олинган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма каби ҳужжатларни маҳалла фуқаролар йиғинига топширарди. Бундан ташқари, моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризага ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилинарди. Ушбу жараёнда ҳамма вақт ҳам  шаффофлик бўлмасди, яъни ижтимоий нафақани тайинлаш (ёки тайинламаслик) тўғрисидаги қарорни қабул қилишда инсон омилининг таъсири катта ролъ ўйнарди.

 “Ижтимоий ҳимоя ягона реест­ри” ахборот тизимида муҳтож оила аъзоларининг паспорти, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида гувоҳнома (мавжуд бўлганда) нусхалари талаб этилади холос. Ушбу ҳужжатлар МФЙ томонидан қабул қилинмаслигига йўл қўйилмайди. Ҳужжатлар бюд­жет­дан ташқари пенсия жамғармасининг туман(шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг масъул ходимлар томонидан ариза ва унинг оила аъзолари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар Ягона реестрга киритилади.

Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар, яъни оила аъзолари даромадлари – иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқалар, номида мавжуд кўчмас мол-мулки, автотранспорт воситалари, ишлаганлиги ёки ишсиз бўлганлиги, ишсиз бўлиб меҳнат органларига мурожаат қилганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ягона реестр орқали тегишли идоралардан автоматик равишда электрон тарзда олинади.

Ушбу тизим орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда қонунчиликда белгиланган мезон ва меъёрлардан келиб чиқиб,  ҳеч қандай инсон омилисиз ижтимоий нафақалар тайинланади ёки тайинлаш рад этилади. Бу бў­йича қабул қилинган қарор аризачи ёки унинг оила аъзоларига СМС-хабарлар орқали етказилади.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши кам таъминланган ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламига моддий таъминланишнинг самарали механизмини татбиқ этишга ва энг муҳими, ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини самарали бошқариш имконини бермоқда.

Фарҳодбек Аҳмаджонов,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси  Андижон  вилоят бошқармаси шўъба мудири.