ИССИҚХОНАСИ БОР ИНКАССАТОР
Ишда масъулиятли ходим, уйда миришкор деҳқон. Гап Термиз МБХО инкассатори Рустам Имамов ҳақида кетмоқда. Бу йигит ҳафтанинг беш кунида банкдаги нақд пулларни ўз манзилига етказиш билан шуғулланса, дам олиш кунлари яшаш хонадони томорқасидаги иссиқхонага бор эътиборини қаратади. У 4,5 сотих ер майдонига эга иссиқхонани 9 йил аввал кредит ҳисобига барпо қилган.
Қаҳрамонимиз деҳқончиликка қизиқиши сабабли ердан унумли фойдаланган ҳолда рўзғорига янада барака киритишни истади. “Ҳаракатда баракат” деганларидек, доимий изланишлар ўз мевасини берди. Ҳозирда тажрибали миришкор иссиқхонадан йил давомида 3 марта ҳосил олади. Январда помидор уруғини қадаб, апрель ойига етиштирса, ҳосилни йиғиштириб олиб, унинг ўрнига ерга бодринг қадайди. Ушбу маҳсулотни июлда харидорларга етказиб, август охирида булғори қалампири экишни бошлайди. Қарабсизки, ноябрь-декабрь ойларида бу экин ҳам пишиб етилади.
Сир эмас, корхона, ташкилот, муассасаларда ишловчиларнинг кўпчилиги дам олиш кунини фақат ҳордиқ чиқаришга бағишлайди. Толиқиш ҳисобига қўшимча биронта фаолият билан машғул бўлишга куч ёки ирода топа олмаслиги мумкин. Улардан фарқли ўлароқ Рустамжон уйга борибоқ қўлига меҳнат қуролларини олиб, томорқа ишларига шўнғийди. У етиштирадиган ҳосилнинг доимий харидорлари бор. Йиғим-терим мавсуми бошланганда ўзлари келиб олиб кетади. Шу тариқа йил давомида иссиқхонадан 60-70 миллион сўмгача даромад қилади.
— Икки ўғил, икки қизнинг отасиман. Даромад ҳам бир нави, лекин фарзандларимнинг мева ва сабзавотларни ўз қўллари билан узиб еганига ҳеч нима етмайди. Ана ўшаларнинг кўнгли учун яшаяпмиз-да, — дейди суҳбатдошимиз.
Термиз туманидаги “Орол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи лавҳамиз қаҳрамони иссиқхонадан ташқари, икки сотихли очиқ томорқасида ҳам турли экинлар етиштиради. Турмуш ўртоғи ҳам қараб ўтирмай, ёрдамлашади. Мана шу тиришқоқлик ортидан оила дастурхонидан қишин-ёзин сабзавот, мевалар аримайди.
Термиз юртимиздаги ҳарорат энг юқори ҳудуд. Бу ерда иссиқхоналар учун махсус иситиш тизими талаб қилинмайди. Иссиқлик миқдори уч қаватли плёнка қопламалар орқали ушлаб турилади. Натижада ортиқча меҳнат ва харажат тежалади. Фақатгина экин билан тиллашиб, унинг ҳолатидан тез-тез хабар олиб туриш лозим. Сувини, ўғитини вақтида бериб, ишловини яхши йўлга қўйиб турса, ҳосилдорлик кутилгандек бўлаверади. Бу ҳалол меҳнати ортидан даромад топаётган банк ходимининг фикрлари.
Н. ТЎХТАМАТОВА

