ИСТЕЪМОЛЧИ МУРОЖААТИ

ёки уй-жой бозоридаги муаммолар

Юртимизда ҳар бир соҳада янгиланиш. Жумладан, янги уй-жойлар барпо этилиши, ипотека дастурлари кенгайиши ва аҳолининг турар жойга эҳтиёжини қондириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаётгани эътирофга лойиқ. Муваффақиятлар қаторида камчиликларга ҳам дуч келяпмиз. Айнан уй-жойлар қуриш ва уларни ипотека асосида сотиш асносида аҳоли мурожаатларида айрим қурилиш объектларида сифат масалалари ва қурувчиларнинг шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажармаслиги истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилишларига олиб келаётгани айтилмоқда. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутиш зарур? Муаммоларнинг ечими қандай?

Айни муаммолар доирасида келиб тушган навбатдаги мурожаатга Андижон вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шоъбаси бош маслаҳатчиси Сайдулло Абдураҳмонов қонунчиликда белгиланган тартибда расмий изоҳ келтирди.

— Кўп қаватли уйдан ипотека кредити асосида 3-хонали хонадон сотиб олгандим. Кўчиб кирганимизга бир йил бўлмай электр сими (девор орасидаги) узилиб, чироқсиз қолдик. Носозлик туфайли уйимиз таъмири бузилди. Бундан ташқари, полга қоқилган “плинтус” ҳеч қанча вақт ўтмай кўчиб кетди. Бу каби носозликлар шартномада кўрсатилган бўлиб, бартараф этиш қурувчи зиммасида эканини ўқиб қолдим. Бироқ қурувчи талабимизни қондирмади. Бу ҳолатда кимга қандай мурожаат қилишимиз мумкин?

— Мазкур ҳолда Сиз ва қурувчи ташкилот ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 386-моддасига биноан: “бир тараф (сотувчи) товарни, бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади” деб белгиланган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 14-моддасида ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек, бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари зарар сифатида тушунилиши назарда тутилган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 26-моддасида: “Фуқаролик, оилавий, ер, уй-жой каби муносабатларидан юзага келадиган низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли ҳисобланади” деб белгиланган. Шунга кўра, агар қурувчи ташкилот томонидан шартнома шартлари бажарилмаса, бевосита Фуқаролик ишлари бўйича суд идораларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаатлардан кўринадики, ҳозирги уй-жой бозорида сифатсиз қурилиш, кафолат мажбуриятларининг бажармаслиги ва истеъмолчи ҳуқуқларининг эътиборсиз қолдирилиши жамиятда кўп учрайдиган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шундай экан бирор маҳсулот сотиб олдикми, аввало ўзимиз эътиборли, синчков бўлишимиз керак. Ҳар бир ҳужжатни синчиклаб текшириб, шартнома бандларига эътиборли бўлайлик. Асосийси, ўз ҳуқуқларингизни билинг. Ҳуқуқингиз бузилганда эса иккиланмасдан ваколатли идораларга мурожаат қилинг.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди.

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ҳуқуқий маданият – жамият таянчи: Андижон вилояти аҳолисининг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ОАВ орқали ошириш” лойиҳаси асосида тайёрланди.