ЙИЛ САМАРАЛИ ЯКУНЛАНДИ

“Hamkorbank” АТБнинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Айтиш лозимки, якунланган йил банк жамоаси учун муваффақиятларга бой бўлди. 2023 йил якунлари ва 2024 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу алоҳида эътироф этилди.

Сарҳисоб йиғи­лишини Банк Бошқаруви раиси Бахтиёржон­ Жўраев очиб, 2023 йилга белгиланган асосий бизнес-режаларнинг бажарилишига иштирокчилар эътиборини қаратди. Ҳисобот даврида банк ривожланиш йўлида янги босқичга кўтарилгани, барча кўрсаткичлар бўйича ўз ўрнини мустаҳкамлагани, бир қатор янги маҳсулотлар жорий этилганини таъкидлади.


Халқаро молия ташкилотлари билан алоқалар борасида ҳам самарали натижаларга эришилди. Биргина ANCOR Central Asia компанияси томонидан “Ўзбекистоннинг энг жозибали иш берувчиси”ни аниқлаш учун ўтказилган сўровномада мамлакатимиз­да фаолият юритаётган 100 та компания ва 11 хил йўналишлар ичида “Hamkorbank” ғолиблар қаторидан ўрин олгани қувонарли. Бу банкда иш берувчи сифатида ўзига хос мактаб яратилганининг ифодасидир.
“Hamkorbank” тизимидаги ўзига хос услублардан бири ходимларга бўлган эътибор. Шундан келиб чиқиб, ҳисобот даврида ходимлар билан ишлаш­да бугунги кун талабидан келиб чиқиб иш олиб борилди. Замонавийлик, касб маҳорати ва ташаббус­корлик ҳар бир ходимнинг бош мақсадига айланди.Эндиликда касб маҳоратини ошириш баробарида ҳар бир ходим хорижий тилларни ўрганиши вазифа қилиб қўйилди.


Шунингдек, йиғилишда бизнес йўналишида белгиланган вазифалар ижроси, тармоқларни кенгайтириш ва касса хизматини универсаллаштириш, мижозларга хизмат кўрсатиш стандарт­лари таҳлил қилинди. Банк фаолиятини янада ривожлантиришда бу каби ишлар катта аҳамиятга эга.
Кутилган натижага эришишнинг асосий омилларидан бири ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, кўнгилли дам олишларини ташкил этиш демакдир. Банк бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Ш.Неъматов йиғилганларга мазкур масалалар юзасидан қўмитанинг истиқболдаги режалари ҳақида гапириб ўтди.


Йиғилиш якунида Банк Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов сўз олиб, 2023 йилда катта ютуқларга эришил­гани, молия бозорида “Hamkorbank”нинг ўрни юксалиб бораётгани, хусусий субъектлар орасида юқори солиқ тўловчилар қаторида экани ва мижозлар билан ишлашга бўлган эътибор ҳақида гапирди. Қўлга киритилган ютуқларни эътироф этган ҳолда йиғилиш қатнашчилари олдига қатор вазифаларни қўйди. Келгуси беш йилликда банк ривожланиш йўлида янги даражага кўтарилиши учун амалга ошириладиган ишларни кўрсатиб ўтди.
Йиғилиш қатнаш­чилари Банк Кенгаши раисининг амалдаги йилдан бошлаб июнь ойининг биринчи якшанбасини “Hamkorbank” ходимлари куни” деб аташ юзасидан таклифини қўллаб-қувватладилар.
Анъанага кўра йил якуни бўйича юқори кўрсаткичларга эришган жамоалар ва самарали фаолият юритган ходимлар рағбатлантирилди.

А. НАЗАРОВ