“КАЛТАК УЧУН ЎЧ ОЛАМАН…”

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР  

Дунёдаги жуда кўплаб жиноятлар  мастлик оқибатида рўй беради. Айниқса, Россия давлатида бу кўрсаткич анча юқори бўлиб, содир этилган жиноятларнинг 70 фоизи ичкилик таъсирида юзга келади.

Ёши олтмишга қараб кетаётган Даврон ака (мақола қаҳрамонларининг исм-фамилиялари ўзгартирилган) ҳам ана шу  “оқ ажал” туфайли яқин қўшнисининг ва ўз ҳаётини барбод қилди. Фарзандларини улғайтириб, набиралар қуршовида бахтли ҳаёт кечирадиган бир  пайтда бу икки  маҳалладошнинг бири борса келмас дунёга, иккинчиси эса темир панжара ортига йўл олди.

Фожиа одатдаги улфатчиликдан бошланди. Қиш пайти эди. Совуқ ва зерикарли кунларда бўш қолиб, нима қилишини билмаган маҳалладаги улфатлар тўпланиб, озроқ машиат қилишди. Ўтирганларнинг барчаси спиртли ичимлик ичди.  Улфатчилик  поёнига етгач, ҳамма ўз уйига йўл олди.  Битта кўчада яшашгани учун Даврон ака Илёс аканинг машинасига чиқиб олди. Айнан шу пайтда шайтон суви қонни қиздириб, ўртага адоват уруғини сепди. 

— Менга қара, — деди йўлда Илёс ака ҳамроҳига. — Охирги пайтда ўзингдан кетиб қолмаяпсанми, ҳали Умиднинг уйида менга ортиқча гапириб қўйдинг, билдингми шуни.

— Тушунмадим, ким ўзидан кетди? — ширкайф Даврон ака ҳамтовоғига юзланди. — Ўзимдан кетсам, бу менинг ишим. Пул ўзимники, гапирсам, оғиз меники. Сенга нима.

— Ўзингдан кетма, Даврон, башарангни бежаб қўяман-а, — кайфи тароқ Илёс аканинг асаблари ҳам таранглаша бошлади.

—Қўлингдан келадиган ишни гапир. Мени бежаш   сенгамас, —  бўш келмади Даврон ака ҳам.

— Юр, ҳозир эркакча гаплашиб оламиз, — деди Илёс ака ва машинасини очиқ далага қараб ҳайдади. Далага етиб келиб, иккаласи ҳам машинадан тушди.

Жаҳли тез Илёс ака  уловдан тушибоқ шеригининг жағига мушт туширди. Кейин тепкилай бошлади. Зарбани кутмаган Даврон мувозанатни йўқотиб, ерга йиқилди. Бундан фойдаланган рақиби юз-кўзи аралаш уни яна бир неча марта тепки билан сийлади. Сўнг шартта машинасига ўтириб, жўнаб кетди.

Калтакланган Даврон ака ўрнидан базўр туриб, устини қоқиб, бўлиб ўтган воқеаларни  мушоҳада қилди. Наҳотки у ҳозир сабабсиз  калтак еди. Юзи кўкарди, шилинди, уст-боши бир аҳвол. Бу нимаси?! Унинг иззат нафси ўт бўлиб ёнди.  Аччиқ устида тўғри уйига йўл олди. Ошхонага билдирмай кириб, битта пичоқни олиб, қўйнига яширди. Унда топталган нафсонияти учун ўч олиш истаги уйғонган эди.  

Уйидан чиқиб,  икки ҳатлаб Илёс аканинг  дарвозаси қаршисида пайдо бўлди. “Ҳали у жавоб беради, мени шу аҳволга солгани учун” деган ғаразли фикр миясида чарх ура бошлади.

Кимдир чақираётганини эшитиб, Илёс ака уйидан чиқиб келди. У анча хотиржам эди.

— Яна нимага келдинг? —  девор панасига ўтиб олган Давронни кўриб энсаси қотди.

— Аҳволимни қара, юзим кўкарди,  афтимни бежадинг, энди маҳаллада қандай бош кўтариб юраман? — деди алам билан унга Даврон. — Шунчалик уриш шартмиди. Шунчалик ҳақоратга арзийдиган нима иш қилдим…

— Олдин қандай юрсанг, яна шундай юрасан,  хоҳласанг, яна бежайман афтийни, — унинг устидан кулгандек гапирди Илёс. — Калтак ейишни билсанг, қайтиб чиранма, тенгингни топиб, ёқлаш.

Бу гаплар олов устига керосин сепгандек бўлди гўё. Усиз ҳам алам ўтида қовурилаётган сархуш Даврон қўйнидан пичоқни шартта чиқариб, рақибининг юрагини мўлжаллади…

Оғриқдан  додлаб юборган отасининг овозини эшитган ўғли ичкаридан чопиб чиқди. Афсуски, мўлжалл анча аниқ олинган эди. Илёс ака шифохонага ҳам етмай, йўлдаёқ дунёдан кўз юмди. Даврон акани эса дарҳол ички ишлар ходимлари қўлга олди.

Судда марҳумнинг турмуш ўртоғи Собира опа шундай сўзларни айтди: “Менга бу қотилдан ҳеч нима керак эмас. Ҳеч қандай моддий зарар сўрамайман. Фақат илтимосим, унга энг оғир жазони тайинланг, зора қалбимдаги алам ва изтироб шундан озроқ таскин топса…”

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди  томонидан айбланувчи Даврон Омоновга  14 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ёши бир жойга бориб қолганда ҳам  ичкилик билан улфат  тутиниш, сочининг оқи билан муштлашиб юришнинг оқибати мана шундай фожиага олиб келди.  

У. МИРЗААБДУЛЛАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси,

Н.ТЎХТАМАТОВА,

журналист.