КАССА ХИЗМАТИДА ВАЗМИНЛИК ЗАРУР

Касса хизматлари ходимдан сабр-тоқат ва вазминликни талаб этади. БХОдаги 5 йиллик иш тажрибам ортидан шу хулосага келдим.
Касса амалиётларини бажариш чоғида хатоликка йўл қўйишдан кўра кўпроқ мижозлар билан муомалада ҳушёр бўлишга ҳаракат қиламан. Ишнию ўзлаштириб оласиз, аммо инсонлар билан мулоқотни тўғри олиб бориш — бу бутунлай бошқа тушунча. Сабаби, олдимизга ҳар хил характердаги инсонлар келади. Кимдир шошиб турган бўлади, бошқа бири асабийлашади. Шундай пайтда босиқлик билан гапириб, вазиятни тушунтириш керак. Йўқса, сиз ҳам азият чекасиз, мижоз ҳам.


Бир кунда ўртача 60 нафар мижозга хизмат кўрсатсам, энг кўп мурожаатлар ВАШ амалиёти бўйича бўлади. Юридик ҳамкорларимиз томонидан ҳисоб-рақамларга топширил­ган пулларни кўп қабул қилиб оламиз. Омонат кирим-чиқимлари, коммунал тўловлар бўйича амалиётлардан фойдаланувчилар ҳам тобора кўпайиб бормоқда.
Жамоамиз беш нафар ходимдан иборат, кассада бир ўзим хизмат кўрсатаман. Мижозлар оқими тинмагани учун асосий эътиборни тезкорликка қаратиш керак. Навбат узоқда келса, мижоз кутишни хоҳламай кетиб қолиши мумкин. Мижознинг кетиб қолишига шароит яратиб берган ходимни намунали деб бўлмайди.
2025 йил якуни бўйича “Йилнинг энг яхши банк хизматлари офиси кассири” сифатида эътироф этилишимда тезкорлигим ҳисобга олинган бўлса керак, деб ўйлайман. Албатта, меҳнатимни қадрлашганидан шодман. “Hamkorbank”да ҳар бир ходимнинг қадр-қиммати, ҳурмати бор. Бу фикрни кўпчилик айтиб келсада, мен ҳам яна бир бор таъкидлашни хоҳладим. Ҳеч кимнинг меҳнати эътибордан четда қолмайди. Энг муҳими, муҳит мотивацияга бой. Ишлайсиз, рағбат оласиз, салоҳиятингиз ошади, даромадингиз кўпаяди. Шундай муҳитда нима учун ёниб-куйиб ишламаслик ва имкониятлардан фойдаланмаслик керак? Кўрсаткичларим­нинг ўсишида ва режаларни бажаришимда жамоадошларим­нинг ҳиссаси катта. Уларнинг кўмаги билан ўз вазифамни тўлақонли уддалаяпман.
Шу тизимда меҳнат қилаётганимга ҳамиша шукрона келтираман. Оилам тинч, фарзандларим камолга етмоқда. Кўтаринки кайфиятда ишлаш менга фақат куч беради. Бир инсоннинг ўз ҳаётидан мамнун, хотиржам ҳолда яшаши учун бундан ортиқ яна нима даркор бўлиши мумкин?

Гуласал МАТКАРИМОВА,
Урганч УБХО “Қоровул” БХО кассири