КРЕДИТ ҚАРЗИНИ БОШҚА ШАХСГА ЎТКАЗИШ МУМКИН (МИ?)
Бугунги жамиятда кредит ва қарз тушунчаси кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Кимдир уй олиш учун ипотека олади, кимдир машина учун кредитга киради, яна кимдир тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қарз олади. Шундай вазиятларда кўпчиликни ўйлантирадиган савол пайдо бўлади: агар молиявий ҳолат ўзгарса, кредитни бошқа шахсга ўтказиш мумкинми? Айримлар бу масалани оддий келишув билан ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайди. Аммо ҳуқуқий нуқтаи назардан бу жуда жиддий жараён. Фуқаролик кодексининг 322-моддасига кўра, қарзни бошқа шахсга ўтказиш фақат кредиторнинг розилиги билан амалга оширилади. Яъни банк, молия ташкилоти ёки қарз берган шахс розилик бермагунча, қарз ҳуқуқий жиҳатдан сизнинг зиммангизда қолаверади — ҳатто уни бошқа одам тўлаб берса ҳам.
Ҳаётий мисолни олайлик: сиз кредит олгансиз, лекин молиявий имкониятингиз ёмонлашди ва қариндошингиз “мен тўлаб бераман” деди. Агар банк бу шахсни янги қарздор сифатида расмий тан олса, ҳуқуқий ўзгариш содир бўлади. Агар тан олмаса — сиз ҳужжатларда барибир қарздор бўлиб қоласиз. Бу ҳолат шуни кўрсатадики, қарз муносабатларида пулни ким тўлаётгани эмас, ким расмий қарздор экани муҳим. Янги қарздор пайдо бўлганда, у фақат мажбуриятни эмас, балки ҳуқуқий мақомни ҳам қабул қилади. Яъни, у шартномага асосланган эътирозлар билдириш, қонуний ҳимоя механизмларидан фойдаланиш, ҳуқуқий талабларни қўйиш ҳуқуқига эга. Бу эса қарзни бошқа шахсга ўтказиш фақат “тўловни топшириш” эмас, балки тўлиқ ҳуқуқий субъект алмашинуви эканини англатади.
Алоҳида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат — кафиллик ва гаров масаласи. Агар кредит кафиллик ёки гаров билан таъминланган бўлса, қарз бошқа шахсга ўтказилганда бу таъминотлар автоматик тарзда сақланиб қолмайди. Кафил ёки гаров қўйган шахс янги қарздор учун ҳам жавоб беришга рози бўлиши лозим. Акс ҳолда, кафиллик ва гаров ҳуқуқий кучини йўқотади. Бу норма оддий инсон учун сезилмас бўлиши мумкин, аммо ҳуқуқий тизимда у жуда муҳим мувозанат механизми ҳисобланади. Шу боис, кредитни бошқа шахсга ўтказиш — бу оддий келишув эмас, балки ҳуқуқий масъулият, розилик ва расмий тартибга асосланган мураккаб жараёндир. Унда барча томонларнинг манфаатлари ҳисобга олинади: кредиторнинг хавфсизлиги, янги қарздорнинг ҳуқуқий мақоми ва учинчи шахсларнинг (кафил, гаров қўювчи) ҳуқуқлари.
Хулоса қилиб айтганда, кредитни бошқа шахсга ўтказиш мумкин, аммо бу фақат қонуний тартибда, расмий ҳужжатлар орқали ва барча томонларнинг розилиги билан амалга оширилади. Норасмий келишувлар, оғзаки битимлар ва “шунчаки тўлаб туриш” ҳуқуқий ҳимоя бермайди.
Нодирахон ОБИДОВА,
Тошкент давлат юридик университети талабаси

