КУРОРТ ШАҲАРДА

Хонобод шаҳрини азалдан “иккинчи Швейцария”, дея таърифлашади. Иқлими жуда баҳаво, кўчалари сокин. Эпкин ҳавосидан танингиз яйрайди. Биз шундай сўлим шаҳарда аҳолига банк хизматлари кўрсатамиз.
“Hamkorbank” АТБда 2015 йилдан буён ишлайман. Қўрғонтепа филиали, Қорасув мини банкида фаолият юритдим. Кассирлик қилдим, универсал менежери вазифасини бажардим. Ҳозир истеъмол кредити менежериман. Жамоамиз ихчам, 5 кишидан иборат.
Шохобчамиз деҳқон бозори билан бир девор — қўшни. Бозорга келган одам, албатта, банкимизга кириб ўтади. Бу бинога шу йил Мустақиллик байрами арафасида кўчиб ўтдик. Унгача шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида фаолият олиб борардик.
Банкларнинг фаолиятига географик жойлашуви жуда катта таъсир кўрсатишига яна бир ишонч ҳосил қилдим. “Hamkorbank” Хонободда 2009 йилдан буён фаолият кўрсатаётган бўлсада, кўпчилик бу банк ҳақида яхши билмас эди. Сабаби, шаҳарнинг гавжум бўлмаган жойида, кўп қаватли уйлар орасида жойлашганди.
Ҳозир бир кунда ўртача 100 нафар фуқаро мурожаат қилади. Банкоматдан ташқари, пластик картанинг ўзидан кунига 100 миллион сўм пул ечилади. Ойлик соф даромадимиз 120-130 миллион сўмдан ошмоқда. Ваҳоланки, Хонободнинг ўзига яраша турмуш тарзи бор.
Шаҳардаги 2 та катта заводда 10 минг нафарга яқин аҳоли ишлайди. Ишга эрталаб кетиб, кеч қайтишгани учун кундузи шаҳар ҳамиша сукунатда. Кўчаларда одамларни деярли учратмайсиз. Шундай бўлсада, хизматларимиз маъқул бўлиб, мижозларимиз кун сайин ортмоқда.
Айни пайтда 50 га яқин юридик шахслар билан шартнома тузганмиз. Энг кўп даромад бераётгани “Гидроспецмонтаж” МЧЖ. Бу корхона респуб­лика бўйлаб буюртма асосида сув насос қувурларини ўрнатади. Тез орада йирик ҳамкорларимиз сони янада ортади, деган умиддамиз.
Тўғри, иш ҳажмимиз юқори бўлиши мумкин. Аммо қанча кўп меҳнат қилсак, шунга яраша ҳақ олиб, роҳатини кўряпмиз. Айрим тенгдошларимиз хорижий давлатларда ишлаб тополмаган даромадни биз шу ерда ҳалол меҳнатимиз билан қўлга киритяпмиз. Мана, универсал менежеримиз Умиджон Зокиров БХОмизга бир йил аввал “Саноатқурилишбанк”дан ўтган. Бошқа банкдан бошқарувчиликка буйруқ чиқаётган пайтда, у таклифни рад қилиб, “Hamkorbank”ни танлади. Энди тўғри қарор қабул қилганидан хурсанд.
Кичик жамоамиз доим изланишда. Ишонаманки, Хонобод банк хизматлари офиси яқин вақтлар орасида ўз кўрсаткичлари билан “Hamkorbank”нинг энг илғор тармоқларидан бирига айланади.

Баҳодир ЎКТАМОВ.