КЎРКАМ КЎКЛАМ НАФАСИ

Кўркам кўкламнинг ҳузурбахш нафаси кўнгилларга кўтаринки кайфият бағишлайди. Атроф чароғон бўлади, гўё. Табиат уйғонади, бутун борлиқ уйғонади. Жажжи, нозиккина бўлса-да баҳор даракчиси сифатида энг аввал бойчечак бўй кўрсатади. Не-не улкан дарахтларга қарата “уйғонинг дўстларим, қаранг мен бўй кўрсатдим. Кичкина жисмим ерни ёриб чиқишнинг уддасидан ўтди, сизлар ҳам яшил либосингиз кийинг, атрофга гўзаллигингиз кўрсатинг. Бу жуда осон” дея ундаётгандай бўлади.

Бойчечакка жавобан секин-аста қир-адирларда майсалар ниш уриб чиқа бошлади. Ана, уйқудаги дов-дарахт шохларида япроқлар куртакларни ёриб, қуёш нурларига талпиняпти. Табиат гўзаллиги одамлар қалбини ҳам уйғотади. Гулларга бурканган боғлар, майин эсаётган шаббода, қушларнинг сайраши сурур бағишлайди қалбларга. Бежизга баҳор — фасллар келинчаги дейилмаган.

Эътибор буви кичкинагина жуссасига мос стулчасини кўтариб кўчага чиқди. Ўтган-кетганни дуо қилиб, кўкламга етиб келганига, етказганига шукурлар келтирди.

—Тупроқ ҳидини соғиндингми Мамашукур? Кетмонинг кўтариб далангга ошиқибсан?

— Соғ-омон қишдан чиқиб олдингизми, Эътибор буви? Елкамга қуёш тегди, даламга борай…

 Қўшнисининг ортидан қараб қолган буви тиззасига енгил шапатилаб қўйди: “эҳ, оёқларим-а… яраганингда мен ҳам экиб-тиккан бўлардим…”

Ўқиганим бор, “Баҳор такрор-такрор келади. Бошланган ҳамал ойининг экин-тикинга амал берадиган кунлари, ундан сўнг қадам қўядиган саврнинг сурурлари – момақалдироғу чақмоқлари, осмоннинг у бурчидан бу бурчигача эгаллаб ястанадиган камалак жилолари, ёз бошидаги жавзонинг жазиллатар иссиқлари ҳам дилбар баҳорнинг ҳусну таровати бўлар экан”. Бу фасл қалбларни титратади, жунбишга келтиради, кулдиради, йиғлатади… Бу дамларга эса етган етади…

Нафақат табиат, айни чоғда, ҳар баҳор аввалида киши дилида ҳам янги умидлар куртаклайди. Одамлар баҳорга етганини шодиёна қилиб, “омонлик-сомонлик” дея, тантана бошлашади. Бир-бирларидан ҳол сўраб дийдорлашади. Ёлғизларни йўқлаш, ожизаларга кўмак халқимизга хос, беморларга соғлик, ёшларга омад, бахт-иқбол тилаш кексаларга мос. Йилнинг ризқ-рўзли, баракали бўлишини сўраб ният қилинади. Ҳа, шоир айтганидек,

Бутликка не етсин,

Камликдан кўра,

Инсон тўкис бўлиб юргани яхши.

Лек Яратгандан бир бахтни сўра,

Нимангдир етмасдан тургани яхши.

Она халқим, қадрдонларим. Баҳорга етганимизга, етказганига шукур. Ким кўчат қадаган, ким ер чопган, ким дарахт бутаган. Бошқаси ариқ қазиган. Барча-барчаси тириклик ташвишлари билан банд. Ҳаммамизнинг “ҳаётимиз” шу. Кўкламга етганимиз, етказганига шукур…

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА