“МАБЛАҒЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ЗИММАМИЗДА”

Муҳаммаджон Тўланбоев “Hamkorbank” АТБнинг Фарғона минтақавий филиалида компь­ютер мутахассиси бўлиб ишлаётганида фаол ва масъулиятли эканлиги билан эътиборимизни тортган эди. Бош банкнинг Ахборот хавфсизлиги хизмати ходимига айлангач, унинг яхши мутахассис эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Фикрлари ҳам бўйи каби баланд, жуссаси каби залворли. Ўз касбини севувчи, ҳамкасбларининг меҳнатини қадрловчи бу йигитнинг қарашлари қуйидаги сатрларда акс этди.Истадим ва эришдим
“Hamkorbank”да кадрлар танлови ўтказилиши менга ўзимни синаб кўриш имкониятини берди ва омадим чопиб, банк ходимига айландим.
Болалигимда техник қурилмалар, электрон асбоб­ларга қизиқишим кучли бўлган. Иқтисодиёт йўналишидан кетишни истаганман. Ахборот технологиялари университетида таҳсил олиб юрган пайт­ларимда эса иқтисодий соҳада ишловчи ходимларнинг хавфсиз ҳамда қулай ишлашини таъминловчи дастур яратиш фикри туғилди. Шукрки, ниятларимга етдим. Орзуларимнинг энг баланд чўққиси — юртимизда Ислом молиясига асосланган тўлиқ рақамли банкни кўриш ва унга ўз ҳиссамни қўшиш.

Соҳамнинг аҳамияти

Жамоамиз катта эмас, тўрт нафар ходимдан иборат. Ҳожиакбар Солиев раҳбарлигидаги бўлимимизнинг вазифаси банк маблағлари ва банк ҳамда мижозларга тегишли конфиденциал маълумотларни турли хатарлардан ҳимоя қилишдан иборат. Битта вирус бутун бошли фаолиятни тўхтатиб қўйиши мумкин. Шу боис касбимиз юқори билим, диққат-эътибор ва зийракликни талаб этади.
Банкимиз ходимлари ва мижозларни хавфсиз иш фаолияти билан таъминлаётганимиз баъзида фахрланиш ҳиссини беради. Аммо ҳеч қачон ўз ишимиздан қониқиб, беэътибор қолиб кетмаслигимиз керак. Тизимни тўлиқ хавфсиз деб ҳисоблаш учун муҳим ва эътибордан четда қолган ҳамда ҳужумга бардошсиз бўлган ҳудудларни аниқлаб топиш зарур. Шунингдек, банк ходимлари ва мижозларга ахборот хавфсизлиги бўйича тушунчаларни етказиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Кўпчилик билан ишлаш масъулияти



Tабиийки, жамоада ишлаш ҳамкасбларнинг фикрини инобатга олган ҳолда иш олиб бориш демакдир. Обрў топиш учун таклифлар беришга қодир, юзага келадиган муаммолар ечимига фикр бера оладиган шахс сифатида шаклланиш лозим. Атрофдаги ҳамкасбларга эътиборли бўлиш ва ишни адолатли ташкил қилиш жамоа аҳил-иноқлигининг асоси деб биламан. Менимча, менталитетимизга хос бўлган каттага ҳурмат, кичикка иззат тамойилига амал қилсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Имкон берилса…


“Лаборатория Касперского” АЖ ёки “Googlе” корпорациясида ишлаб кўрган бўлардим. Уларнинг қандай қилиб қисқа вақт ичида дунё бозорларини эгаллагани ҳамда кучли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиққани жуда қизиқ.

Феъл-атворнинг таъсири


Ҳар қандай ҳолатда муаммоларни ижобий кайфиятда ҳал қилишга интиламан. Танқидларни ўринли деб билганим ва ишдан қочмаслигим мутахассис ва шахс сифатидаги ўсишимга ўз таъсирини кўрсатяпти, албатта. Баъзан соҳамда ҳали ўрганишим керак бўлган билимларнинг кўплиги, зиммамга юклатил­ган вазифаларни охирига етказа олмаслигим ҳамда тажриба етишмаслиги халақит бераётгандек туюлади. Лекин шу банкка келганимдан буён жуда кўп камчиликларимни бартараф этишга эришдим.

Жамоамга…


“Меҳнаткаш чумолилар” деган таърифни берган бўлар эдим. Чунки жамоадошларимда худди чумолилар каби бир тану бир жон бўлиб ишлаш, бирон озуқа топилса, кўпчилик бўлиб баҳам кўриш, оғир кунларда бир-бирини ташлаб қўймаслик ва чарчаш нима билмаслик каби сифатларни кўраман.
Н.ТўХтаматова