Матбуот кўринишидаги савдо: сиз ундан фойдаланасизми?

Қадим шарқда «реклама» сўзи истеъмолда бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, моҳиятан у улуғ шахсларнинг битикларида кўп учрайди. Масалан, буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур томонидан Шаҳрисабзда бунёд эттирилган Оқсарой кошонаси пештоқига нақш этилган ҳикматнинг маъноси шундай: «Кимки бизнинг шон-шуҳратимизни кўрмоқчи бўлса, биз барпо этган иморатларга назар солсин». Асрлар оша жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келаётган ушбу обида пештоқидаги нақшинкор битик­лар моҳиятан рекламанинг дастлабки кўриниши эмасми?

Айтиш мумкин, бугун барча соҳада рекламадан кенг фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқа­рувчилар ўз маҳсулотларига харидор топишда бунга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Натижада реклама фаолиятига талаб ортмоқда. Бу бозорда ўз ўрнини топишнинг асосий омилларидан бири деб ҳам айтиш мумкин.
“Hamkorbank”нинг Шайхонтоҳур универсал банк хизматлари офиси мижозлари фаолияти тўғрисида сўраганимизда “China Baijie industrial” хорижий корхонасини алоҳида эътироф этдилар. Сабаби, хитойлик таъсисчилар томонидан асос солинган корхона фаолияти реклама маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган. Ойига 1.5 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланаётган корхонада хорижликлар билан бир сафда 30 нафар маҳаллий ёшлар иш олиб бормоқда. Ҳаммаси замонавий дастгоҳларда, буюртмачи талабига мос. 1000 дан ортиқ турдаги реклама маҳсулотларига талаб катта.
Корхона дастлаб ўз фаолиятини логистика хизматидан бошлаган. Ҳамкорларнинг маҳсулотларини буюртмачиларга чиройли кўринишда етказиб бериш таклифи билан чиқилганда қўллаб-қувватланди. Изланувчан ёш ходимлар бунинг уддасидан чиқдилар. Кейин асосий қадам — рекламага ўтилди. Бунда ҳам ўзгача йўл тутилди. Айтайлик, янги бир корхона бунёд этилмоқда. Уни безатишдан тортиб очилишига бағишланган тадбирни тайёрлаш­да ҳам кўмак берилади. Бозорга киришда такрорланмас рекламалар таклиф этилади.
Истаймизми-йўқми, бугун ижтимоий тармоқлар ҳамма соҳага кенг кириб борди. Реклама хизмати ҳам унга кўчмоқда. “China Baijie industrial” хорижий корхонаси ходимлари ҳам шундай йўл тутяпти.
Замонавий реклама отаси деб номланган Альберт Ласкар: «Реклама — бу матбуот ҳолатидаги савдо» деган эди. Бугун бу ўз ифодасини топгандай гўё.
А. Насирдинов.

Б. Муталлибов олган сурат.