Мерос қандай тақсимланади?


Ота-онадан кейин фарзандлар ўртасида мерос тақсимланганда ўғил болалар кўпроқ ўзларини меросхўр деб билишади. Қизлар шу жойда чегараланади. Бу тўғрими? Умуман, мерос олиш ҳуқуқига кимлар эга ва уни тақсимлашда қандай йўл тутса тўғри бўлади?
Ирода Абдазова, Фарғона вилояти.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олув­чилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради, 1136-моддасида мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўлади.
Шу ўринда, қариндошлик (шажара бўйича) даражаси Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасида аниқ кўрсатиб ўтил­ган. Мерос билан боғлиқ ҳаракатлар нотариуслар томонидан амалга оширилади.
Фуқаролик кодексининг 1146-моддасида, мерос очил­ган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра, унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шартлиги, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Кодекснинг 1150-моддасига асосан, меросни қабул қилиб олган меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли, меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.
Камолиддин Аманов,
“Hamkorbank” ATБ Банк тузилмаларини ҳуқуқий таъминлаш бўлими ҳуқуқшуноси.