МЕҲНАТКАШ ЧУМОЛИ — БАХТИЁР
Бор эканда йўқ экан, қадим замонда меҳнаткаш чумоли бўлган экан. У эрта-ю кеч тиним билмай меҳнат қиларкан. Бир куни учиб кетаётган пашша меҳнаткаш чумолини кўриб қолибди. Пашша заҳматкаш, меҳнатсевар ва бахтли чумолини кузатиб, “Чумоли бир ўзи меҳнат қилиб қийналади”, дея унга ёрдам беришга қарор қилибди. У аввалига корхона очибди ва раҳбари лавозимига ўзини тайинлаб, чумолини оддий ишчи вазифасига қўйибди. Корхона ишлари бир маромда давом этарди, лекин меҳнаткаш чумоли ишини ҳеч ким назорат қилмас экан. Бу муаммони ҳал этиш учун янги «ишларни назорат қилиш бўлими» ташкил қилинибди. Бу лавозимга суҳбатдан муваффақиятли ўтган чаён ишга олинибди. Чаён ишчан чумолини ҳар бир соатини тўлақонли ўз назоратига олиб, эрта-ю кеч қилинган ишлар ҳақида ҳисоботлар қилишни талаб қилибди.
Меҳнаткаш чумоли энди нафақат тинимсиз меҳнат қилиши керак, балки назорат бўлимига ҳисоботларни ҳам ўз вақтида тақдим этиши зарур бўлибди. Вақт ўтиши билан пашшага бу ҳисоботлар камлик қила бошлабди. Энди у чаёндан чумолидан эртанги кун режалари ва келгуси ишлари ҳақида йўл харитаси тақдим қилишини талаб қилибди. Чумолига хайфсан ва ойлигидан жарималар ушлаб қолиниши билан таҳдид қилишибди. Чаённинг бир ўзи ҳисоботларни текшириб чиқишга қийналганлиги сабабли унга ёрдамчи асистент лавозимига суваракни ишга олишибди. Йил якунида корхона йиллик режаларини муваффақиятли бажаргани учун пул мукофотлари пашша, чаён ва суварак ўртасида тақсимлаб олинибди. Чумолини эса ишдаги камчиликлари учун мукофот пулидан маҳрум бўлибди. Иш унумдорлиги кўпаймасада, аммо ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатларни тўлдириш (бюрократия) кун сайин ортиб бораверибди.
Чумолини иш унумдорлигини ошириш мақсадида, “чумоли ишини мувофиқлаштириш” департаменти ташкил этилибди. Бўлим бошлиғи этиб ўргимчак тайинланибди. Янги бўлим алоҳида хоналар, замонавий жиҳозлар билан таъминланибди. Бундан ташқари, ушбу бўлимга яна бир нечта янги кадрлар ишга қабул қилинибди. Янги бўлим орқали меҳнаткаш чумолининг барча ишлари автоматлаштирилган янги тизим орқали марказлаштирилибди. Корхона раҳбари пашша иш сифати ва унумдорликда камчиликлар топиб, уни бартараф этиш учун ташқаридан қора қўнгизнинг молиявий аудит фирмасини ишга ёллабди. Корхонанинг барча молиявий ҳисоботларини, қолаверса, чумолининг иш унумдорлигини текшириб чиқибди.
Қора қўнғиз корхонада ходимлар сони кўпайиб кетганлиги боис корхона даромадлари камайганини аниқлаб, “сокрашение” хулосасини тақдим этибди ва пашша раислик қилган мажлисда бир ходимни қисқартириш масаласи кўндаланг қўйилибди. Узоқ бахс-мунозалардан сўнг, чумолини ишдан бўшатишга қарор қилишибди. Уни ишдан бўшатилишига қуйидаги муҳим асосларни келтириб ўтишибди:
1) чумоли доим иши кўплигидан нолийди;
2) чумоли доим бошқа ходимлардан ойлиги камлигини айтади;
3) пул мукофотлари олмаганлиги учун эътирозлари кўп;
4) доим қўшимча ишчи кучи — чумоли олиш ҳақидаги таклифлар беради;
5) ишдан кеч кетиб, эртасига ишга кеч қолиб келади ва ҳоказоларни инобатга олиб, бир овоздан чумолини ишдан бўшатишибди.
Билакс чумоли хафа бўлмабди. Аввалгидек бир ўзи — ўзи учун ишлаётганидан бағоят хурсанд ва бахтиёр бўлибди. Корхона эса ишлайдиган ходим қолмагач ёпилишга мажбур бўлибди. Шунақа гаплар…
Халқ оғзаки ижодидан.