МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ
Сўраган эдингиз
Савол: Иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси қандай ҳолларда бекор қилинади? Меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш ҳам мумкинми?
Шуҳрат АЛИМОВ,
Асака тумани.
Меҳнат қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, яъни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасида, Меҳнат шартномасини бекор қилиш тушунчаси ва асослари белгиланган бўлиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда ушбу Кодексда назарда тутилган асослар бўйича ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилади.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:
* тарафларнинг келишуви;
* меҳнат шартномаси муддатининг тугаши;
* меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш;
* меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш;
* ташкилот мулкдорининг алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши;
* ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;
* ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши;
* ходимнинг тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этиши ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаган тақдирда;
* тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар;
* янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиши;
* ушбу Кодекс ёхуд бошқа қонунлар алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида меҳнатга оид муносабатларни тугатишнинг қўшимча асослари тўғрисидаги шартни назарда тутиш имкониятини мустаҳкамлайдиган ҳолларда меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 160-моддасига асосан, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли.
Саволга ҳуқуқшунос Азизбек ЖАЛИЛОВ жавоб берди.

