МИЖОЗ БИЗДАН РОЗИ БЎЛСИН

Болалигидан аниқ фанларга меҳр қўйиб, ўз ҳаётини иқтисодиёт билан боғлаган, бу борадаги дастлабки билим ва кўникмаларини Самарқанд давлат университетида олган Носирбек Гулмуродов “Hamkorbank”дек катта жамоанинг фаол, ташаббускор аъзоси сифатида кўпчиликка танилиб улгурди.
Содда, камтар, кўплаб фазилатларни феъл-атворига жамлай олган Носирбек Каттақўрғон филиалида Чакана бизнес бўлими менежери сифатида фаолият юритиб келмоқда. 4 йиллик хизмати давомида касб сирларини маҳорат билан ўрганиб, амалиётга татбиқ этишнинг ҳадисини олди.
Банкка келган мижознинг эҳтиёжини қисқа вақтда қондириш, унга ҳар томонлама йўл-йўриқ кўрсатиш, масаласини ижобий ҳал этилиши учун астойдил ҳаракат қилиш — менежернинг кунлик иш тартибига айланган. Бир кунда 150 нафарга яқин ҳамюртимиз билан мулоқотда бўлувчи Носирбекни мижозлар, энг аввало, хуш муомаласи, ўз ишини пухта бажаришини ҳурмат қиладилар. Хориж­да меҳнат қилаётганларнинг пул жўнатмаларини тез, хавфсиз ва қулай тарзда ўтказилишини таъминлаш банкнинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. Айни дамда ушбу амалиёт “Сбербанк онлайн” иловаси ёрдамида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Носирбек Гулмуродов жорий йилнинг март ойида 522 нафар мижознинг пластик картасини “Сбербанк онлайн” иловасини юклаб олишига эришди (бу режага кўра бир неча баробар кўп дегани). Ортиқча оворагарчиликлардан халос этувчи ушбу мобиль илова вақт ва маблағнинг тежалишига имкон бераётганидан мижозлар хурсанд. Ўзига хос рекорд натижа ўрнатган қаҳрамонимиз Каттақўрғон филиалининг ҳисобот даврида даромади 606 миллион сўмдан ортиқ бўлишига муносиб ҳисса қўшди.
Эътибор ва эътирофга лойиқ натижани қўлга киритган Носирбек билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилдик. Кайфияти чоғ, самимий, замонавий тил билан айтганда ўзидан “позитив энергия” ажратувчи менежер билан бор-йўғи 3 дақиқа суҳбатлашдик. Мижозларини куттириб қўймаслик мақсадида саволларимизга қисқа жавоб берган Носирбекдан эришган натижасининг бош омили нимада деб сўрадик. У “Банкка келган ҳар бир мижоз рози бўлиб кетиши, масаласи ҳал бўлиши зарурлигини” таъкидлади.
Оилали, бир нафар фар­занд­нинг отаси бўлган Носирбек ўз муваффақиятларини аҳил жамоаси билан боғлайди: “Банкимизнинг стратегик мақсадларига мос равишда иш юритган ходим, албатта, натижага эришади”. Ўз ишининг билимдонига айланган Н. Гулмуродов каби малакали мутахассисларнинг борлиги “Hamkorbank”нинг эришаётган ютуқларини янада мустаҳкамлайди. Кўзланган марра олисда эмас, балки, яқин келажакда эканлигини янада ёрқинроқ намоён этади.
Наргиза Эшонова.