МУВАФФАҚИЯТЛИЛАР ҚАТОРИДАМИЗ

Зафар Савурбаев,
Юнусобод универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси.

“Hamkorbank”нинг 2023 йил якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши. Барча минтақавий ва универсал банк хизматлари офислари учун “ғалвир сувдан кўтарилиш арафаси”да. Кутилмаганда, тўғрироғи кутдик ва истадик муваффақиятлилар қаторида бўлишни. Чунки йил бошидаги 2 та чоракда бу номинацияга чиқолмагандик. Жамоамизнинг меҳнат қилсак муваффақиятга эришамиз, деган қатъий мақсади бор эди. Йил давомида банкда жорий қилинган барча хизматларни самарали ва намунали бажаришга ҳаракат қилдик.
Белгиланган фойда кўрсаткичини 110 фоизга, тезкор фойда кўрсаткичини эса 101 фоизга бажаришга эришдик. Умумий кредит портфели ўстириш режаси ортиғи билан бажарилди. Яна бир ютуғимиз корпоратив хизматлар йўналишида юридик шахслар валюта амалиётларидан олинган даромадлар 110 фоизга, мижозларнинг талаб қилиб олгунча депозитлари қолдиғи режаси 141 фоизга етди.
Чакана бизнес йўналишида аҳоли омонатлари, пул ўтказмалари, пластик ҳамда халқаро пластик карталардан олинган даромад режасини ортиғи билан бажардик. Сбербанк актив карталари, СВИФТ хизмати даромадлари билан ҳам фахрланишга ҳақлимиз. 2024 йил 1 январь ҳолатига муаммоли кредитлар мавжуд эмаслиги жамоамиз ишларининг самарадорлигини кўрсатиб турибди.
Тантанада 2023 йил 4 чорак ғолиблари қаторида “1-гуруҳда 1-ўрин Юнусобод УБХО жамоасига насиб этди”, дея эълон қилинганида хурсанд бўлдим. Бу ютуқга ходимларнинг барчаси ҳисса қўшган. Айниқса, ундирув, бек офис, чакана ҳамда корпоратив хизматлар бўлимлари бошлиқлари Н.Насруллаев, О.Эрханов, А.Атажонов, М.Шай­мановларнинг ўз вазифаларини масъулият билан бажаришлари, жамоанинг изланишлари, интилишлари, йил давомида қилган меҳнатлари самараси деб биламан.
Филиалимиз очилганига ҳали кўп бўлмади. Аммо 15 дан зиёд ВИП ва 10 га яқин йирик мижозларимиз мавжудлиги қувонарли. Улар банкнинг иқтисодий ривожланишида етак­чи. Зеро, ҳамкорларимиз учун сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз.
Эски йилни муваффақиятлар билан якунлаганимиз боис масъулиятимиз ҳам, режаларимиз ҳам янада ортди. Ғайрат-шижоатли, изланувчан ва тиниб-тинчимас, пухта иқтисодий билимга эга мутахассисларимиз бор экан, билдирилган ишончни оқлаймиз.