МУРОЖААТИМ ЖАВОБСИЗ ҚОЛДИ?
Сизнинг ҳуқуқингиз
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида
Савол: Мактабда ўқитувчиман. Бир қанча вақт аввал ишим билан боғлиқ масала юзасидан тегишли давлат идорасига оғзаки мурожаат қилдим. Улар мурожаатимни эшитиб, исм-фамилиямни ёзиб олди ва ўрганиб чиқиб, сизга натижасини хабар қиламиз деб айтди. Мана, бир ой бўлди ҳамки, ҳеч қандай жавоб келмади. Ўша тегишли орган менинг мурожаатимни ўрганиб чиқишга ва натижасини менга билдиришга мажбурми?
Н.ХОЛИҚОВА,
Балиқчи тумани
— Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.
Мурожаатлар ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда амалга оширилади. Оғзаки ёки электрон мурожаат ёзма мурожаат каби аҳамиятлидир. Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда уларнинг ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда эканлигининг аҳамияти йўқ. Мурожаатларнинг барчаси Қонун талаби асосида кўриб чиқилади. Фуқаро давлат органлари ва муассасаларига қандай шаклда мурожаат қилишини ўзи танлайди.
Мурожаатчи жисмоний шахс бўлса, исм-фамилияси, яшаш жойи ва мурожаатнинг моҳияти; юридик шахс бўлса, тўлиқ номи, жойлашган манзили ва мурожаатнинг моҳияти кўрсатилган бўлиши зарур.
Ариза ёки шикоят масалани ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш, текшириш ва қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Мурожаат унда қўйилган барча масалалар ушбу Қонун талабларига мувофиқ ўрганилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирдагина кўриб чиқилган ҳисобланади. Ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор дарҳол ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилувчига жўнатилади ва уни ўша давлат органининг раҳбари ёки мансабдор шахси имзолайди.
Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
Хулоса қилиб айтганда, сиз мурожаат қилган ташкилот ёки орган масалангизни қонун доирасида ўрганиб чиқишга ва бу ҳақида белгиланган муддатда сизга жавоб қайтаришга мажбур. Агар у сизнинг мурожаатингизни қонунга хилоф равишда рад этса ва кўриб чиқмаса, ундан юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Саволга ҳуқуқшунос Жамолиддин МАМИТОВ жавоб берди

