МУЧАЛШУНОС

Сотти Ҳусанович кўринишидан туппа-тузук одам-у, аммо ҳамма нарсага ишонавериши, ирим-сиримга амал қилиши бир оз ғалати. Китобларда, айниқса, газеталарда ёзилганларнинг барчаси унинг назарида тўппа-тўғри, ўз таъбири билан айтганда, «Улар бир нарсани билишмаса, ёзишмайди». Агар бирон бир одам ҳақида гап кетгудек бўлса, қўйин чўнтагида доимо олиб юрадиган мучал тақвими ва «Толенома»га зимдан кўз ташлайди-да, сўнг фикр юритади.
Ўзининг бир жойда қўним топмай, ҳали у, ҳали бу ташкилотда ишлаб юришини ҳам мучалга боғлиқ деб билади. «Аттанг, сичқон йилида туғилганлигим чакки бўлганда, — деб қўяди “сакраб юришлар”дан жиғибийрон бўлган кезларда. — Шунданми бу яқин атрофда кирмаган ковагим қолмади, ҳисоб. Одамлар ҳам қизиқ: мучалини суриштириб муомала қилсанг, негадир тушунишмайди. Устига устак, орқаворотдан «мучалшунос» деганлари ортиқча».
Фалакнинг гардиши билан Сотти Ҳусановични янги иш жойига («Меҳнат дафтарча»сига кўра йигирма учинчиси!) қатнай бошлаганига ҳам икки ойдан сал ошиб қолди. Иш бошлаган кунининг эртасигаёқ котиба қиздан бу ерда ишловчиларнинг туғилган йилларини билиб олиб, мучал жадвалига дарров солиштириб чиқди. Хайрият, аксарияти «Қўй» ва «Сигир» экан! Аммо биттасини, аниқроғи, жингалак сочли йигитчанинг мучалини аниқлай олмай хуноби ошарди. Иттифоқо, кунларнинг бирида, тушлик пайти, ўзи бу ҳақда гап очиб қолса бўладими!
— Бу йил менинг мучал йилим. Умримда учинчи марта мучалимни нишонлайдиган бўлдим. Туғилган куним улфатларимга бир чимдим ош қилиб бераман.
Сотти Ҳусанович шоша-пиша ёнгинасидаги мучал тақвимига кўз югуртирди: «Қуён» экан! «Толенома»да нималар дейилганикин? У югургилаб хонасига кирди-да, стол тортмасидаги «Толенома»ни варақлашга тушди. «Ҳм-м.. бу йилда туғилганлар… иззатталаб бўлишади». Айтдим-а, кўпам салом бергиси келмайди деб. Гап бу ёқда экан-да. Хўш… яна нималар ёзилибди. «Жиддий камчилиги енгилтак бўлиб, энг яхши хислатлари ҳам юзакидир». Котиба қизга тунов куни жа-а бўлакча қараётувди — демак, тушунарли… «Бундан ташқари, ғийбат қилишни, гап ташишни яхши кўришади, лекин буни киши билмас ҳолда, хушмуомалалик ва эҳтиётлик билан амалга оширишади». Бир нарсани билмаса, донишмандлар бундай ёзишмасди. Демак, ўша йигит маънавий бузуқ. Бундайлар билан бирга ишлаб бўлмайди».
У вақтни ғанимат билиб бошлиқнинг ҳузурига ошиқди. Қабулхона йўлагида рўпарасидан чиқиб қолган «Қуён» йигитга хўмрайиб бир қаради-да, бошлиқнинг хонасини тақиллатди.
Бошлиқ унинг гапларини обдон тинглагач, охири «уфф» тортиб сўради:
— Ўша ходимимизни айблашга жиддий асосингиз борми ўзи?
— Бор! Бор! — Сотти Ҳусанович шоша-пиша ёнидан «Толенома»ни чиқарди. — Мана бунга унинг қандай кимсалиги очиқ-ойдин ёзиб қўйилган. Умуман мен «Қуён» йилидагиларни ташкилотимизда ишлатмасликни маслаҳат бераман. Чунки улар…
— Э, бўлди-е! — жаҳли чиқди бошлиқнинг. — Бизга ишга кирганингиз­дан бери нима билан шуғулландингиз? Бугун кун бўйи-чи? Одамларнинг мучали билан дейсизми? Хўвв, биродар, бизнинг корхонадагилар одамларнинг мучалини суриштириш, тақдиридан фол очиш билан эмас, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади-ку, а?! Ахир сиз бизда китоботмас, ҳисобот ходимисиз, оғайни! Дарвоқе, ўзларининг мучаллари нима?
— Сичқон, — юз-кўзлари қиза­риб кетган Сотти Ҳусановичнинг бо­ши елкалари орасига чўкди. Шу топда унинг кўнг­лидан «Хайрият-е, бошлиқ ҳам мучал суриштираркан!» деган ўй ўтди. Бундан дадилланиб аста минғирлади: — «Толенома»га кўра «Сичқон»лар садоқатли бўлишади, хўжайин.
— Биласизми, менинг мучалим нима? — бошлиқ унга важоҳат билан тикилди. — Йўлбарс! Нима, энди мен Йўлбарсман деб…
Рўпарасида ҳақиқий йўлбарс тургандек Сотти Ҳусановичнинг юрагини ваҳима босди. «Эҳ, бошлиқнинг мучалини «Қўй» деб нотўғри ҳисоблаган эканман. Туғилган йилини янглиш эшитганман, шекилли. Йўлбарс, йўлбарс… Э, йўқ, бу мучалдагилар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Улар қатъиятли, бир сўзли бўлишади. Бунинг устига йўлбарслар мушуксимонлар оиласига мансуб. Мушуксимонлар ёнида сичқонларга йўл бўлсин. Яхшиси, иссиғида бу жойдан ҳам…».
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Сотти Ҳусанович навбатдаги иш жойига йўл олди. Уйдан чиқишда ҳар эҳтимолга қарши ички чўнтагини пайпаслаб кўрди: мучал тақвими ҳам, «Толенома» ҳам жойида экан.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ