НАВОИЙ ИСТЕЪДОДИ

Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ижоди бамисоли чексиз бир уммон, ушбу уммонга қанча чуқурроқ шўнғисангиз шунча кўп инжу терасиз. Шу сабабдан ҳам Навоий асарлари 6 асрдан буён ўз қийматини, бетакрорлигини йўқотмаган. Навоий асарларини қанчалик кўп ўқиган сари, ўрганган сари, шунча кўп ҳайратга тушади киши.

Алишер Навоий 1441 йил нинг 9 февралда Темурийлар давлатининг пойтахти ва илмий маркази Хиротда уйғур оиласида туғилган. 10-12 ёшидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш,

матлаъли ғазалини тинглаб: “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…” деган. Англаш мумкинки, Навоий истеъдоди болалигиданоқ кўзга ташланган. Шоир ўзбек ва форс-тожик тилларида бир қанча шеърлар битиб, икки тил билимдони сифатида шуҳрат қозонади. Ўзбек тилидаги шеърларида “Навоий” (“наво” – куй сўзидан), форс-тожик тилидаги шеърларида эса асосан “Фоний” (“фано” – вақтинча, ўткинчи сўзидан) ва баъзан “Навоий” тахаллусини қўллайди.

11 ёшида Сабзаворда Ҳусайн Бойқаро билан танишади ва бу танишув унинг ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида танилади.16 ёшида Машҳадга бориб таҳсил олади. Отаси Ғиёёсиддин Кичкина вафотидан кейин Самарқандга келади ва икки йил Абу Лайс Самарқандийдан дарс олади. 28 ёшида Хиротга қайтган Навоий султон Ҳусайн Бойқаро хизматига киради ва муҳрдор лавозимига тайинланади. 31 ёшида эса саройнинг девонбеги бўлади. Шоир 37 ёшида Абдураҳмон Жомий тавсияси билан Нақшбандия тариқатига киради. То умрининг охирига қадар султон Ҳусайнга хизмат қилади.

1501 йилда Хиротда вафот этади. Қабри Афғонистоннинг Хирот шаҳридадир. Навоий мероси жуда улкан. Ундан 30 дан ортиқ асарлар қолган. Улардан энг йириги 5 достондан иборат “Ҳамса” асари бўлиб илк маротаба туркий тилда қисқа муддатда (1483-1485) ёзиб тугатади.