“НУРАФШОН”НИНГ БОКСЧИ МЕНЕЖЕРИ
Сайфиддин Собировнинг хонадонида апрель ойида бодринг пишиб, сотувга чиқарилди. Аниқки, “Сайфиддин ким?” деган савол туғилди сизда. Бу йигит “Hamkorbank”нинг Нурафшон универсал банк хизматлари офиси кредит сотиш менежери. У Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Юқори Овул” МФЙда истиқомат қилади. Яшаётган хонадонининг кўзга кўринган жиҳати 5,5 сотихли иссиқхонанинг мавжудлигида. Келинг, Сайфиддин билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этсак.
— Нурафшон УБХОга келишдан аввал ҳаётингиз қандай кечган?
— Тошкент давлат иқтисодиёт универститети талабаси бўлганман. Ўқиш билан бир пайтда пойтхатдаги “Корзинка” супермаркетида юк ташувчи бўлиб ишлаганман. 2022 йил университетни тамомлаб, ноябрь ойида шу ерга ишга кирдим.
— Ишингизнинг энг маъқул томони?
— Уйимга яқинлиги (кулади). Албатта, ҳазил. Жамоа ва иш тартибимиз. Бу банк билан узоқ келажагимни кўряпман.
— Сизни суҳбатга тортишимизнинг асосий сабаби ишдан ташқаридаги қўшимча фаолиятингиз бўлди. Яъни томорқангиздаги иссиқхона.
— Иссиқхонани ташкил қилганимизга 7 йил бўлди. Уйда доимий даромад манбаини яратиш мақсадида банк кредити эвазига қурдирганман. Бу йил 80 фоизига бодринг, 20 фоизига помидор экдик. Биласиз, бодринг бир ойда пишади. Биринчи ҳосилни апрель ойининг охирида уздик. Помидор узоқроқ муддатда етилади.

— Шунда қанча ҳосил йиғиб оласизлар?
— Бир кунда 80-90 кг. бодринг узилади. Биз экадиган бодрингнинг нави ички бозорда сотилмайди, чет элга экспорт қилинади. Бодрингдан бир йилда уч марта, помидордан икки марта ҳосил оламиз. Йиллик даромадимиз 35 миллион сўм атрофида бўлади. Яқинда семиртириб сотиш учун 30 та бройлер жўжа ҳам олдим.
— Бўш вақтингизни яна нималарга сарфлайсиз?
— Менда деярли бўш пайт бўлмайди. Ҳафтанинг тоқ кунларида бодибилдинг ва бокс машғулотига бораман. Жуфт кунларида инглиз тили ўрганаман. Спорт билан шуғулланишим танамнинг соғлом бўлиши учун. Биринчи галда қоматимни сақлаб тураман, семириб кетмайман, қорин солмайман. 6 ёшимдан буён спорт залига қатнаб келаман. Аллоҳга шукр, шу ёшимгача шифохонада ётмаганман. Қишда грипп бўлмайман.
Инглиз тили эса IELTS олишим учун керак. Банкимизда жорий этилган янги тартиб бўйича, IELTS олсак, тоифа берилиб, маошимизга бонус қўшилади. Натижада ҳам моддий даромадни, ҳам билимни оширамиз.
— Қайси ҳолатда юракдан дам оласиз?
— Мутолаа орқали кўнглим таскин топади. Охирги марта ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Падаркуш” асарини ўқиб роҳатландим. Руҳиятим озиқлангандек бўлди.
— Ие, унда интернетга қачон вақт топасиз? (кулдик) “You tube”, “Tik tok” деганларидек.
— Интернет билан алоқани узганман. Фақат зарурият юзасидан “Telegram”дан фойдаланаман. Инстаграмимни ўчириб юборганимга бир йилдан ошди.
— Унда сиз идеал ходим экансиз, дарҳол номзодингизни юқори лавозимларга қўйиш керакка ўхшайди (ҳазиллашдик).
— Ростанми, қачон?! (Сайфиддин ҳам ҳазилкаш экан). Тўғриси, ижтимоий тармоқлардан воз кечишга ўзимда куч-ирода топа олдим. Унинг домига бир илинсангиз, ўз тўрига тортиб кетиши аниқ. Вақт эса ғанимат. Бу йил магистратурага ҳужжат топширишим керак. Катта мақсадларни кўзлаганман.
— Унда олға. Умид қиламизки, сиздаги қатъият ва ирода ҳаётингиздаги кўплаб муваффақиятларга пиллапоя бўлади.
Нигора Миролим қизи суҳбатлашди.

