ОИЛАВИЙ БАХТ СИЙМОСИ
Андижон вилоятида ички сайёҳлик салоҳиятини ошириш имкониятлари жуда катта. Зеро ҳудудда 400 дан ортиқ сайёҳлик объектлари мавжуд бўлиб, музейлар, истироҳат боғлари, археологик ва тарихий обидалар, дам олиш масканлари эътиборга молик. Айниқса, мусулмонлар учун зиёрат манзилларининг ўрни алоҳида.
Хўжаобод туманидаги Имом ота, Хонобод шаҳридаги Фозилмон ота, Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳлари шулар жумласидан. Аслида уларнинг сони анчагина. Зеро Қўрғонтепа туманидаги Биби Сешанба, Юнус Пайғамбар ота, Андижон туманидаги Меҳмон валий ота каби манзиллар ҳам бир пайтлар одамлар билан гавжум бўлган. Бу каби қадамжолар вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоқларида мавжудлиги қувонарли, албатта. Ана шулардан бири Султонобод қишлоғидаги “Биби Сешанба” зиёратгоҳидир.
Фарғона водийсида момолар ёки бибилар билан боғлиқ зиёратгоҳлар ўрта асрлардан буён мавжуд. Жумладан, ўзбек ва тожик халқларида афсонавий Биби Сешанба сиймоси қадрли бўлган. Боиси у оилавий бахт, тикувчилик, ип йигирув каби ҳунарлар ҳомийси сифатида талқин этилган. Зиёратгоҳларга бориш таъқиқлаб қўйилган “замонлар”да Султонободдаги “Биби Сешанба” маскани болалар оромгоҳига айлантирилган. 2000-2005 йилларга келиб, ҳудудда кўнгиллилар томонидан ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилади. Натижада, бир пайтлар кичкинагина хонадан иборат бўлган мақбара ўрнида миллий услубдаги ганчкор мақбара барпо этилади. Унинг атрофида ошхона ва чойхоналар ташкил этилади. Шу тариқа зиёратчилар билан гавжумлаша бошлайди.
Мақбара атрофида бир нечта булоқлар мавжуд бўлиб, улар “Жаннатбулоқ”, “Сумалакбулоқ”, “Қизбулоқ”, “Кўзбулоқ”, “Шўрбулоқ”, «Кўкбулоқ» каби номлар билан машҳур. Улар таркибидаги минераллар турли хил тошмалар, ички касалликлар, қулоқ ва кўз билан боғлиқ дардларга даво ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимиз каби, Биби Сешанба сиймоси оилавий бахт сиймоси бўлгани боис аксарият зиёратчилар бу ерга келиб қизларига бахт тилайдилар, фарзанд кўрмаган оналар фарзанд сўрайди. Айтишларича, “Қизбулоқ”дан сув ичиб, юз-қўлини ювган хотин-қизларнинг барча тилаклари ижобат бўлади. Бу ерга эркакларнинг яқинлашиши таъқиқланган.
Яна бир манбаада баён этилишича, бир пайтлар бу ерда еттита супа бўлган. У Мияширбоча исмли киши томонидан қурилган. Аввалига ўтган-кетганлар келиб, дам олишган. Аста-секин улар сони кўпайган. Мияширбоча эса уларга хизмат қилган. Кунларнинг бирида унинг тушига Ўзган шаҳрига бориб, кўк рангли қўй олиб келиши ва шу ерда сўйиб, эҳсон қилишига ишора қилинган. Бу туш бир неча бор такрорлангач, у ҳудди шундай қилган. Сўйилган гўштни одамларга тарқатиб, худойи қилган. Худойи сешанба кунида ўтказилган. Ҳа, айтганча, Мияширбоча отамиз 161 ёшида вафот этган экан.
Ривоятлар қанчалик ҳақиқат ёки ривоят бўлишидан қатъий назар, бугунги кунда сайёҳларнинг эътиборини жалб қилиши мумкин бўлган зиёратгоҳлардир.
— Жалолобод шаҳридан келдим, — дейди зиёратчи Ойбек Одилбеков. —Бу ернинг таърифини кўп эшитганман. Муроди ҳосил бўлмаганлар келиб, эҳсон уюштирадиган манзил сифатида Қирғизистонда ҳам машҳур.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, зиёратгоҳлар ҳудуд тарихи, маданияти ва урф-одатларини ифода этувчи муқаддас жойдир. Бу каби муқаддас манзилларни зиёрат қилиш ҳаммамизга насиб этсин.
Саминжон ҲУСАНОВ,
журналист

