«ОЛТИ ОЙДА ЙИЛЛИК РЕЖАНИ БАЖАРДИК»

Бу осон бўлмади, албатта. Жамоадаги бирдамлик, меҳнат ва изланиш билан эришдик. Банк ходимининг мақсад ва вазифаси юртимиз иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш, аҳоли турмуш фаровонлигига эришиш ва бундан албатта иқтисодий манфаат кўришдир. Демак, биз бу борада самарали ишларни амалга оширяпмиз. Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун хизмат қилиши бош шиорга айланган кичик молия муассасамизда кўрсаткичлар шунинг учун ҳам юқори.

Жорий йилда Банк —молия академиясини тугалладим. Апрель ойидан буён Фарғона банк хизматлари офисига раҳбарлик қилиб келяпман. Мен келгунимга қадар бу жойда аҳил-иноқ жамоа шаклланиб бўлган экан. Узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган тажрибали ходимларга соҳа борасида ўргатиш зарурати йўқ. Ҳар бири ўз ишини билиб қиладиган ва касбини севадиган инсон­лар. Шу боис улар билан тез тил топишиб кетдим.
Албатта ёшларни қўллаб-қувватлайдиган, билганларини ўргатадиган, қўйингки, устоз даражасига етган “Hamkorbank” АТБнинг Қувасой филиали раҳбари Фарҳод Маҳсудов, устоз ҳамкасбимиз Шаҳбоз Жўраевлар кўмагига суяниб иш ташкил қилдик. Натижа ёмон эмас, фахрланишга арзирли. Юқорида таъкидлаганимдек, аввало, аҳолига ёрдам ва унинг замиридаги иқтисодий ўсиш.
Олти ойда кўзда тутил­ган йиллик режани бажаришни уддасидан чиқдик. Яъни жорий йилнинг илк чорагида бир нафар ходимга тўғри келадиган даромадни 25418 минг сўмга бажаришга эришилган бўлса, иккинчи чоракда бу кўрсаткич 63637 минг сўмга кўтарилди. Йиллик соф фойда режаси 1200.5 млн. сўм эди. Шу муддатда йил давомида бажарилиши керак бўлган олти ойлик соф фойда 234,4 фоизга, йиллик соф фойда режасини 111,3 фоизга бажардик.
Ўтган вақт давомида фоизсиз даромадларимиз ошди. Айнан юридик шахс­лар учун ҳам спот амалиётларининг жорий этилиши юқори самара берди. Биргина май ойида 71758 минг сўмлик даромад олишга муваффақ бўлдик. Ҳамкасбларим томонидан кўрсатилаётган хизматларни “қониқарли” деб айта олишим ҳам шундан. Буни кундан-кунга мижозлар сони ортиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Ҳозирда якка тартибда фаолият олиб бораётган 50 дан ортиқ ҳамкорларимиз бор. Юридик мижозларимиз сони 60 дан ошди. 1500 нафар жисмоний шахсга хизмат кўрсатамиз. Уларнинг бир марталик тўловлари RS дастури орқали амалга оширилади. Бунда ҳам режадаги кўрсаткичлар бажарилди.
Йирик мижозларимиз ҳам талайгина. “Sunfinite”, “Kuvasay fruits citi”, “Business black oil”, “Max black star oil”, “Oqtepa suvsoz”, “Woorun corporation”, “Kompleks konstruksiya servos” масъулияти чекланган жамиятлари қаторига янгилари қўшилмоқда. Ҳар бир мижоз алоҳида эътиборда.
Қўлга киритилаётган ютуқларда биринчи тоифали менежер стратегик ходим Шаҳбоз Жўраев, изчил ходим-менежер Шоҳруҳ Набиев, янгиликка интилувчан кассир Абдуазиз Аҳмедов, сергак ва моҳир Сурайё Солиеваларнинг ҳиссаси катта. Бирдам ва ҳамиша изланишда бўлган жамоамиз билан фахрланаман.

Жаҳонгир РАЖАБОВ.