ОРЗУСИ — МАРКАЗИЙ БАНК РАҲБАРИ БЎЛИШ
Қаҳрамонимиз Мусулмон Маликов 1995 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. “Hamkorbank” АТБ Шаҳрисабз универсал банк хизматлари офиси корпоратив хизматлар бўлими оммавий сотиш менежери. Ўзининг айтиши бўйича, киришимли, ишонувчан, футболни ёқтирадиган, сомсани севиб тановул қиладиган, келажакда Марказий банк раҳбари бўлишни мақсад қилган бу йигит ҳозирча бўйдоқ.
— Аввал “Ўзсаноатқурилишбанк”да ишлаган экансиз. Пойтахтдаги йирик банклардан бирини ташлаб туманга келишингизга сабаб нима?
— 2019 йил Тошкент молия институтини тамомлаб, “Ўзсаноатқурилишбанк”ка ишга кирдим. Оилада кенжа ўғилман. Акам ва опам бор. Ота-онам кексайиб қолаётгани учун уларга ғамхўрлик қилиш мақсадида Шаҳрисабзга қайтдим. Ота-онам туғилган жойидан бошқа ерда яшашни хоҳламади.
— “Hamkorbank”да иш бошлаганингизда ўзгача муҳитни ҳис қилдингизми?
— 2021 йил Шаҳрисабзга қайтганимда банкимиз янги очилган экан. Резюме топширдим, чақиришди. Суҳбатдан ўтиб, ишга кирдим. Дастлабки кунларданоқ кучли тартиб-интизом, кучли назорат, масъулият ва мижозга бўлган ҳурмат-эътиборни кўрдим. Ҳар бир масала ўз вақтида ҳал этилади, ҳатто топшириқлар ҳам ўрнида берилади. Аввалги ишхонамда кечқурун ишдан кейин вақтимиз мажлисбозлик билан ўтарди. Бу ерга келганимдан бери 18:00 дан кейин ишда қолиб бирон тадбир ёки мажлис ўтказганимизни эслай олмайман.
— Бу жамоада нималарга эга бўлдингиз?
— Ҳурмат-эътиборга, яхши ҳамкасбларга, яхши моддий таъминотга. 2023 йил якунлари бўйича филиалимиз супер тезкор топшириқларни бажаришда юқори натижа кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритди. Жамоам билан бундан кейин ҳам катта натижалар кўрсатишимизга ишонаман.
2022 йилда акамга кредит асосида «Кобальт» автомашинасини олиб бердим. Насиб қилса, уй ҳам олиб бермоқчиман. Акам менга пойтахтда отамдек, онамдек меҳр кўрсатган, таъминотимни бўйнига олган.
— Ҳаёт ишдан иборат эмас. Дам олиш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?
— Инглиз тилидан “IELTS” олиш учун ўқияпман. Аввал 6,5 балл олганман, мақсадим 8 баллга етиш. Ундан ташқари, футбол ўйинига қизиқишим кучли.
— “IELTS”дан юқори балл олганингиздан кейин бирон чет давлатга ишга таклиф чиқиб қолса кетасизми?
— Йўқ, кетолмайман. Ота-онам розилиги учун пойтахтни ташлаб келдим. Улар мени шу даражага етказдилар, энди уларга мен масъул бўлишим керак. IELTSга келсак, уни билимимни ривожлантириш учун олмоқчиман холос.
— Шу ёшингизгача нималарга эришдим деб ўйлайсиз?
— Ҳали бирор ютуққа эришдим деб айтолмайман. Соҳамда ҳам ўрганадиганларим кўп. Кўзлаётган чўққим Марказий банкнинг раҳбари бўлиш. Аммо унгача анча босқичлардан ўтишим керак. Ҳозирги ўрнимдан қайси даражада эканлигимни биламан.
— Келинг, ишдан ташқари савол бераман. Қашқадарёликларни гўштхўр деб таърифлашади. Тўйларингизда нечта қўй сўйилади?
— Тўйларда катта ҳўкиз ва битта қўй сўйилади. Бизда тўй дастурхонига гўштдан яхна тайёрлаб ҳам қўйилади. Овқатлар сергўшт бўлиши ва кўпчиликка етиши учун ҳўкиз танланади.
— Ишда, ҳаётда сизга елкадош бўлувчи яқин дўстларингиз борми?
— Ҳа, жамоада чакана бизнес бўлимида ишловчи коллеждаги курсдошим Ашраф Авазов ва мен билан битта бўлимда фаолият кўрсатадиган Алишер Каримов яқин дўстларим ҳисобланади.
— Ўзингизни қандай яхши феъл эгаси деб ҳисоблайсиз?
— Аввало, яхши томонларимдан бири — киришимли эканлигим деб ўйлайман. Одамлар билан тезда тил топишиб кетаман. Кимдир кўмакка муҳтожлигини билсам, унга ҳар қандай ҳолатда ёрдам бергим келади. Лекин ишонувчанлигим кўп ҳолларда панд бериб қўяди.
— Умид қиламизки, кунлар келиб орзу ва мақсадларингиз, албатта, ижобат бўлади. Ҳозирча жамоадаги фаолиятингизга фақат омад тилаймиз.
Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.