Осмонлари ер-у, ери осмоним, Ватан
Ватан — юракда ўсган дарахт. У инсоннинг меҳридан, муҳаббатидан, садоқатидан баҳра олиб кўкаради. Унинг танаси метин иродали, шавкатли, шижоатли эрлар, шоҳлари учмоққа шай оловқалб ёшлар, барглари эртанинг ёруғ истиқболлари бўлмиш ширинтой фарзандлар. Илдизи борга ҳам йўққа ҳам жимгина кўнувчи, бутун танасида садоқат сақлаб, асраб-авайловчи жонсарак ва фидойи жон бўлмиш аёлдир. Ватан — муқаддас бешик бўлмиш оилам. Ватан — менинг бугуним ва эртам, истиқлолим нурга тўла истиқболимдир. Аслида ватанга бўлган муҳаббат инсон юрагидан жой олади. Бу туйғуни ҳис қилиш эса энг улуғ бахтдир.
Ватан туйғуси — бу ўз ақл-идроки билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, қомусий мутафаккирларимизни ёдга олишдир. Халқини севиш, у билан фахрланиш, уни ҳурмат қилиш ва қадрига етиш демакдир.
Ватанни севиш бу — азиз ва лазиз, гўзал маконга юксак эътиқод билан яшаш ва унга ҳамиша чин фарзанд бўлиш.
Ана шундай туйғу, ҳисларга эга бўлган инсон ўз ватанини севмаслиги, ватанидан йироқда бўлганида ҳам уни қўмсамаслиги мумкин эмас.
Мустақиллик эълон қилинган йиллари ёши тўқсонни қоралаб қолган бобом раҳматли шундай деган эди: “Болам, мустақилликка эришиш учун қанча оғир кунларни бошидан кечирди бу халқ. Қон тўкилмаган, уруш-низолар бўлмаган бўлсада нималарнидир, кимларнидир бой берилди. Шукрки, дориломон кунларга ҳам етдик. Энди уни асрай билишимиз, қадрига етишимиз керак.
Озодлик учун миллатлар бир-бирлари билан урушлар олиб боргани тарих саҳифаларида қора доғлар қолдирган. Бизлар бир тишлам нон учун кунлаб навбатда туришлар азобини кўрганмиз, бутун бир қишлоқда битта шифокор бўлмагани учун қанчалаб одамлар аниқланмаган касалликлардан ўлиб кетганини биламиз, оталаримиз бесабаб қулоқ қилиниб “хоиннинг боласи” деган тавқи-лаънат остида яшаш қанчалар оғир эканлигини биз кўрдик, сизлар кўрманг илоҳим.
Болажонларим, сиз учун биз босиб ўтган йўл бамисоли эртак. Бахтингиз мустақилликнинг, эркнинг болаларисиз. Юртимиз тинчлиги, осойишталик ва хотиржамлик учун шукур”.
Бобомнинг гаплари ўша пайтлари ҳақиқатдан ҳам худди эртакдай туюларди. Бироқ ҳақиқатни англаб етдикки, бизнинг ҳаётимизни ташқаридан биров келиб ўнглаб бермайди. Уни ўзимиз, биргалашиб яратамиз, яхшилаймиз, асраймиз. Шу сабаб ҳам мустақилликни асраш, тинчликни қадрига етиш, шукур қилишни билиш лозим.
Дунёда тинчлик сўзидан қадрли ва юракка яқин калом топилмагай. Тинчлик, эзгулик, оқибат тушунчаларидан кўра қадрлироқ туйғу йўқ аслида. Зотан, мана шу қадриятлар силсиласида камол топаётган инсон, энг аввало, ўзлигини тўла англаб етади. Яшашга бўлган умид ва ишонч юксалади. Эртага менинг ортимда нимадир қолиши керак, – деган қатъий ишонч уни атрофдагиларга нисбатан хайрихоҳ бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга, эзгулик қилишга, оқибат кўрсатишга ўргатади. Аслида тунларимиз осуда, кунларимиз бехавотир ўтаётгани, илм олиб, изланишга имкон бўлаётгани, оналаримиз алласини тинглаш, гўдаклар кулгисига гувоҳ бўлиш, кексалар дуосига қўл очишдек бахтга мушарраф бўлаётганимизнинг ўзи саодат эмасми?
Мактабда адабиёт фанига меҳр уйғотган севимли ўқитувчим Дилфуза опанинг қизи хориждаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олишини эшитгандим. Устоз билан кўришганимизда шу ҳақда сўрагандим, “Ўқиши якунланиб қолди, шу йил қайтади”, дедилар. Бугун кўплаб ёшлар хорижда ўқишга, ишлашга, яшашга қизиқиб турган бир пайтда наҳотки қизингиз қайтишни хоҳлаётган бўлса, дегандим. “Қизим: «ойи, бу ерда бир ой кийсангиз ҳам оёқ кийимингиз чанг бўлмаслиги мумкин, аммо мен, барибир, ёзда чанг, қишда лой кўчаларни соғинаман. Бу ерда ота билан бола ўртасида шартнома тузилади. Оилада меҳр-оқибат деган тушунчалар саёз. Ота-она буюрган юмуши учун фарзанд ҳақ талаб қилади. Шу сабабли қуёши беминнат ўзбек халқи орасида туғилиб, ўсганимга, қишлоғимнинг кекса боболари-ю, насиҳатгўй момоларининг борлигига шукур қиламан. Юртимдаги тинч ва осойишта ҳаётга, меҳр-оқибатли инсонларига бутун дунё бойлигини алмаштириб бўлмайди». Қизимни ҳақиқий ватанпарвар десам хато бўлмас-а?“ деганида Ватанни севиш аслида шу бўлса керак деб ўйладим.
Мен дунёни не деб атай? Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағрингда кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган эй нурли тупроқ,
Осмонлари ер-у, ери осмоним, Ватан!
Феруза ОРИПОВА.