ОТАМНИНГ ОРЗУСИ
Нурилло Исмоилов «Hamkorbank»нинг Қўқон филиали менежери. 2020 йилнинг «Энг яхши мураббийи» номинацияси ғолиби.
— Отам «Ўғлим, галстук таққан кишиларга ҳавас қиламан. Улар ўқимишли бўлишади. Сени ҳам ўшаларга ўхшаган инсон бўлишингни хоҳлайман» деганларида ҳали мактабни тугатмаган эдим. Отамнинг шу ниятларини амалга ошириш учун мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Тошкент молия институтининг талабаси бўлдим. Ўша кезларда ҳар бир давлатнинг иқтисодий ривожланишида банкларнинг аҳамияти катта эканлигини тушундим. Қизиқишларим боис 2015 йилда ўқишни тамомлаб, «Hamkorbank»нинг Қўқон филиалида иш бошладим. Ҳозирда чакана бўлими менежери вазифасида ишлаяпман.
Филиалимиз 1999 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда 60 дан ортиқ ходим ишлайди. Мақтанишга йўйманг-у, банкимиз Қўқонда анчайин машҳур ва ҳурмат топган банклардан.
Энг аввало, мижоз. Ҳар бир ходим сифатли хизмат кўрсатиш асносида банкка бўлган ҳурматни ҳис қилиши лозим. Жамоамизда ана шу ҳурмат шаклланган.
Бугунги ёшлар иқтидорли, истеъдодли ва билимли. Ҳар йили иш ўрганиш мақсадида келган йигит-қизларга банк фаолиятини ўргатиш борасида Нурилло Исмоилов анчайин тажрибали. Уларнинг келажакда етук мутахассис бўлишларига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
— Банк соҳасида ишлаш орзусининг ўзигина муҳим эмаслигини фаолиятим давомида тушундим. Иқтисодий ривожланиш ҳамма вақт билим талаб қилар экан. Рақамларда сеҳр бордай, гўё, ҳаётим билан боғладим. Шу боис банк иккинчи уйим, десам ҳам бўлаверади. Ишлаб ҳурмат топдим, дўст орттирдим, турмуш фаровонлигига эришдим. Отамнинг биргина орзуси замирида халқимга хизмат қилиш бурчи, эзгу мақсадлар мужассамлигини тушундим. Ва касбимни севишим, астойдил меҳнат қилишим зарурлигини англаб етдим.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.