РОНАЛДУГА ҲАВАСМАНД ТАДБИРКОР
— Ёшим 33 да. Икки нафар фарзандим бор. Шукрки, шу бизнесга қўл уриб ёмон бўлмадим, — дея сўз бошлади Денов шаҳридаги “AGRA FOOD BAKERLY” оилавий корхонаси раҳбари Санжарбек Ибрагимов. — Тошкентдаги қолипли нонларни кўриб, “Нимага бизда нонлар мана шунақа сифат билан ишлаб чиқарилмайди, булар қандай технологиядан фойдаланаркин?”, деб ўйлардим. Шу тариқа мени нон цехи ташкил қилиш фикри қизиқтириб қўйди. Бу соҳани яхшилаб ўргандим, кейин бизнес режа туздим. Қизиқишларим аввал таваккалчилик, кейин эса қатъий мақсадга айланди.
2019 йилда яшаб турган хонадонимизда оилавий корхона ташкил этдик. “Hamkorbank”нинг Денов филиалидан 35 минг 185 евро миқдорида кредит олиб, бу маблағга Туркиядан қолипли нон (буханка) ишлаб чиқарадиган линия харид қилдик.
Қийинчиликлар ортда қолди
Албатта, ҳар қандай бизнес-режа осонликча амалга ошмайди. Нияти жиддий, мақсади қатъий инсон ҳар қандай муаммони енгиб ўтади.
Бизнинг қийинчиликларимиз ҳам ортда қолиб, фаолиятимиз изга тушди. Ҳозирда кунига 30 қоп ундан 5 минг дона маҳсулот тайёрлашга муваффақ бўляпмиз. Асосий маҳсулот туримиз қолипли нон бўлиб, унга қўшимча равишда батон ва қора нон ҳам пишириб сотяпмиз.
Корхонамизда 10 нафар ишчи меҳнат қилади. Уларга етарлича шароит яратиб берганмиз. Кредитимиз ҳам ўз вақтида тўланяпти. Кўз тегмасин, даромадимиз яхши. Айниқса, ҳозир қиш мавсуми бўлгани учун, нонга бўлган эҳтиёж юқори. Ёзда 70 фоизли қувват билан ишласак, айни пайтда тўла қувват билан маҳсулот чиқаряпмиз.
Нега қолипли нон арзон бўлади?
Қолипли нонларимизнинг нархи 1 минг 500 сўм. Шубҳасиз, бошқа турдаги нонлардан ҳам арзон, ҳам сифатли, ҳам тўйимли. “Нега буханка нонларнинг нархи арзон бўлади?” деган саволни кўпчилик беради.
Ёпган нон 100 фоиз қўл меҳнати билан бажарилгани учун кўп вақт ичида кам маҳсулот тайёр бўлади. Шу боис улар нархни баландроқ қўймаса, фойда ололмайди. Бизда эса ҳамма жараёнларни техника бажаргани учун кам вақтда кўп маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Бу маҳсулот нархининг арзонроқ бўлишини таъминлайди.
Деновдаги энг янги технология
Денов Сурхондарё вилоятининг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожланган туманларидан бири. Аммо шундай бўлса-да, нон цехларининг деярли барчаси эски технологиялар билан иш юритади. Шунинг учун улар чиқараётган маҳсулотларнинг сифатини унчалик яхши деб бўлмайди.
Биз фойдаланаётган линия эса нонни ичигача қизартириб, маромида пиширади. Табиийки,тобида пишган ноннинг сифати бир неча кунгача ўзгармай туради. Ранги ва кўриниши ҳам талабга жавоб беради. Шу боис маҳсулотларимизнинг сифати ва мазаси билан бемалол мақтанамиз.
Тадбиркорликда чўққига чиқмоқчиман
Бир ишни бошлаб, йўлга қўйиб олгандан сўнг уни кенгайтиришни хоҳламайдиган тадбиркор бўлмаса керак. Янги қурилиш ишларини бошладик. Яна қўшимча линия олиб келиб, маҳсулот турини кўпайтириш ҳаракатидамиз.
Футбол юлдузи Криштиану Роналдуга ҳавас қиламан. Унинг дунёда биринчи рақамли спортчи эканлигига қойил қолиш керак. Мен ҳам тадбиркорлик соҳасида катта ютуқларга эришишни ният қилганман. Ҳали ёшман. Орзу-мақсадларим, албатта, амалга ошади, деган умиддаман.
Нигора Тўхтаматова ёзиб олди.