Сиз ҳам театрга боринг!
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев “Hamkorbank” АТБ ходимларининг меҳмони бўлди. “Театр санъатининг миллий маънавиятимиздаги ўрни” мавзусида ташкил этилган онлайн учрашувда санъаткор театр санъати, ўтмиши, бугуни ҳақида сўз юритар экан, айнан спектакль инсон руҳиятини юксалтиришда, уни комилликка етказишда муҳим эканлигига алоҳида тўхталди. Ҳар бир саҳна асари яхши ва ёмонни фарқлашга, чуқур мушоҳада юритишга чорлаши зарурлигини таъкидлади.
Учрашувда бадиий жиҳатдан саёз, миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган фильмлар, уларда роль ижро этаётган актёр ва актрисаларнинг фаолияти хусусида ҳам фикр билдирилди. Ўзликни, миллий қадриятларни сақлаб қолиш, асрлар давомида сайқалланган урф-одат, анъаналарни давом эттириш орқалигина томошабинга манзур бўлувчи мукаммал асар тақдим этилиши мумкинлиги тадбирнинг бош мавзусига айланди.
Банк ходимлари санъаткорлардан кўчирмакашликдан ҳоли, бадиий савияси юқори, тарбиявий аҳамиятга эга клип, бадиий фильм, спектакллар кутишларини айтдилар. Айни дамда Миллий театрда намойиш этилаётган саҳна асарлари хусусида батафсил маълумот берилди. Учрашув иштирокчиларини қувонтирган жиҳат шу бўлдики, Ўзбек миллий академик драма театри труппаси жорий йилнинг март ойларидан бошлаб вилоятларга гастрол сафарини уюштиради. Бу чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ҳамюртларимизга севимли ижодкорлари билан кўришиш, мулоқот қилиш имконини беради.
Санъаткорлар, таниқли инсонлар ҳаёти ва фаолияти барча учун қизиқ. Учрашув иштирокчилари Ёдгор Саъдиевнинг ҳаёти, ижоди билан боғлиқ барча саволларига жавоб олдилар. Хуш кайфият билан якунланган маънавий учрашув банк ходимларининг театрга бўлган меҳрини янада оширди. Барча бирдек театрга боришга қарор қилди.
Наргиза ЭШОНОВА