СУБСИДИЯ БОР, АММО УЙ ЙЎҚ
Бугунги кунда уй-жойга муҳтож фуқаролар учун субсидияга кредит асосида уй сотиб олиш тизими яратилган. Бунинг ортидан юзлаб оилалар неча йиллик орзуларига эришди. Аммо бу борада муаммолар талайгина.
Йиллаб ўз уйи бўлишини орзу қилган фуқаролар давлат томонидан берилган бундай имтиёзни қўлдан чиқармаслиги тайин. Улар субсидия ажратилишига, ҳатто уни олишга ҳам муваффақ бўлиши мумкин. Аммо энг ажабланарли жиҳати субсидия учун қурилган уйнинг ўзи йўқлигида. Нега бундай?
Ўтган йили субсидия олиб, уй тополмаган ўнлаб фуқаролар банкнинг белгилаган муддати тугаётгани, аммо уй йўқлиги боис нима қилишини билмай сарсону-саргардон бўлгани бор гап. Албатта, банк ҳам кадастр ҳужжати мавжуд уйлар учун пулни тақдим этаман, дейишга ҳақли. Аммо қуриб битказилмаган ёки ҳали энди қурилиши бошланиши керак бўлган уйларнинг кадастр ҳужжати бўлмаслиги тайин. Жорий йилда ҳам худди шу вазият қайтариляпти. Субсидия бор, аммо уй йўқ. Одамлар эса нима қилишни, кимни айблашни билмаяпти.
Хўш, нега бундай бўлди? Биринчи навбатда, ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам. Ачинарлиси, жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун қиймати 255 миллиард сўмлик 950 та қурилган хонадон сотилмасдан турибди (Сурхондарёда — 292 та, Сирдарёда — 189 та, Қорақалпоғистонда — 174 та, Фарғонада — 167 та). Қолаверса, республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди. Бунинг сабаби — аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаган.
Баъзида сотиб олинаётган уйлар 3-4 баробар қимматга тушаётганидан эътирозлар бўлаётгани ҳам қулоққа чалинади. Мисол учун, агар 400 миллион сўмлик субсидия сертификати берилса, буни 20 йил тўлайдиган бўлса, уйнинг нархи 700-800 миллион сўмга чиқиб кетади. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Субсидия олган фуқароларга уй-жойнинг 15 фоизли дастлабки бадалининг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1 минг 536 та квартирадан иборат 24 та кўп қаватли уй-жойдан ташкил топган «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши режалаштирилган.
Демак, субсидия бор, аммо уйлар ҳамон йўқ. Наилож одамларимиз сабрли, янги массивдаги уйларнинг битказилишини кутишади. Асосийси, битта бошпана қуриб беришса бўлгани. Қолгани бир гап бўлар.
Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг фикрича, Ўзбекистон қурилишда смета ёндашувидан воз кечиши керак. Айнан ўша смета тизими бюджет маблағларининг ўмарилишида асосий омил бўлмоқда.
Рақамларга юзлансак: ўтган йил якунида ипотека дастури асосида уйлар қурилишида 52 та ҳолат бўйича жами 2 млрд. 783 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар аниқланган. Шунингдек, 47 та мансабдор шахсга нисбатан чора кўриш учун ҳужжат тайёрланиб, судларга юборилган. Аниқлангани яхши, лекин энди бу уйлар учун ким кафолат беради? Бу туришда янги уйларда янги муаммолар кўпаяверадими?
Шу ўринда савол туғилади: бизга нима етишмаяпти? Албатта, рақобат. Токи, қурилиш бозорида рақобатлашадиган ўнлаб йирик компаниялар пайдо бўлмагунича бу ҳолат такрорланаверади. Шу пайтгача марказлашган буюртмаларни тендерсиз ёки ҳатто тендер билан ўзлаштирадиган доимий пудратчилар 2-3 та компания бўлган, холос.
Хато қилганлар, пулларни ўзлаштирганлар жазога тортилар ҳам. Аммо бу иллатни илдизи билан қирқиб ташлайдиган тизим яратилмас экан, муҳтожлар пулидан фойдаланиш давом этаверади. Ислоҳотлар эса ислоҳ қилиниши керак, деган хулоса келиб чиқаверади.
Н. ЮНУСОВА,
журналист.