СЎМ МУСТАҲКАМЛАНДИ, АММО…  

Ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши 2025 йилда муҳим иқтисодий ҳодисалардан бирига айланди. Кўп йиллар давомида фақат қадрсизланишга ўрганиб қолган аҳоли ва бизнес учун миллий валютанинг бундай кучайиши янгича вазият бўлди.

2025 йил Ўзбекистон валюта бозори учун бурилиш нуқтаси бўлди. Апрель ойидан бошлаб, сўм АҚШ долларига нисбатан барқарор икки томонлама ҳаракатга ўтди ва йил якунига кўра 6,8 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳолат сўнгги йиллардаги тенденцияни бутунлай ўзгартирди: 2021 йилда сўм 3,4%, 2022 йилда 3,9%, 2023 йилда 9,9% ва 2024 йилда 4,47% қадрсизланган эди .

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида сўм долларга нисбатан 3,39% ёки 438 сўмга мустаҳкамланди. Ноябрь ойи бошига келиб эса бу кўрсаткич 7% га етди.

Омиллар

— Экспорт, айниқса, олтин савдоси сезиларли даражада ошди. 2025 йилнинг биринчи ярмида олтин экспорти 6,5 миллиард долларни ташкил этди, 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4,2 миллиард эди.

— 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 18,9 миллиард долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 27.2% га ошди. Бу маблағлар валюта бозорида қўшимча таклифни шакллантирди, ушбу ҳолат табиийки, бозорнинг оддий қонуни бўлган талаб ва таклифга таъсир қилади, шу сабабли бозорда таклиф ошиб, сўмнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшган.

— Долларнинг глобал миқёсда заифлашиши ҳам сўмнинг мустаҳкамланишига замин яратди. 2025 йилда доллар еврога нисбатан қарийб 10% га тушди.

— Жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши Ўзбекистонга қўшимча валюта тушумларини таъминлади.

Иқтисодиётга таъсири

Миллий валютанинг мустаҳкамланиши иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Биринчи навбатда долларизация даражасини сезиларли камайтирди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил якуни бўйича доллардаги кредитлар улуши 41% дан 38% га, депозитлар эса 26% дан 22% га тушди. Қолаверса, давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш учун тахминан 1,3 триллион сўм, корпоратив сектор эса 3,6 триллион сўм тежади, бу иқтисодиёт учун қўшимча захира яратади.

Сўмнинг мустаҳкамланиши импорт товарлари, хусусан, техника, автомобиллар ва дори-дармонлар нархининг ўсишини ҳам секинлаштирди.  Бу халқимизнинг ушбу товарларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Масалан: одамлар маълум бир маиший техниканинг йил давомида ўзгаришсиз ёки секин нархи ўсишини сезади.

Салбий жиҳатлар ҳам бор

Миллий валютамизнинг мустаҳкамланиб, доллар курсининг тушиши ортида салбий ҳолатлар ҳам юзага келди. Масалан, маҳаллий экспортёрлар маҳсулотни четга асосан АҚШ доллари ёки бошқа хоржий валютада сотади. Агар курс пасайса, уларнинг даромадида ҳам  кескин пасайиш кузатилади. Олдин 100 000 долларлик маҳсулотдан 1.20 млрд. сўмлик  фойда кўрган бўлса, курснинг шўнғиши натижасида бу миқдор 1.15 млрд. сўмга  камайиши мумкин. 

Асосий таҳлил шуки, сўмнинг кескин мустаҳкамланиши аста-секин ортда қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилда валюта курси мувозанатга келади. Яъни олдинги йиллардагидек бир томонлама кучайиш эмас, балки икки томонлама ҳаракат (баъзида мустаҳкамланиш, баъзида заифлашиш) кузатилади. Шундай экан, банклар энди валюта курси фақат ўсади деган бирёқлама фикрдан воз кечиб, ҳар икки ҳолатга ҳам тайёр бўлиши керак. Худди 2025 йилда бўлганидек, курснинг ўзгариши банкларнинг даромадига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчидан, миллий валютага бўлган ишонч мустаҳкамланади. Бу дегани, одамлар ва тадбиркорлар пулларини долларда эмас, сўмда сақлашни афзал кўради. Натижада банклардаги сўмлик депозитлар улуши ошиб, валюта депозитлари камаяди. Ушбу ҳолат банклар учун барқарорроқ ресурс базасини шакллантиради.

Иккинчидан, Марказий банк пул-кредит сиёсатини қатъий олиб боради. 2026 йил якунига бориб инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу банклар учун фоиз ставкаларини режалаштиришда аниқроқ мўлжал беради.

Учинчидан, халқаро молия институтлари прогнозларига кўра, Ўзбекистон банклари 2026 йилда барқарор молиявий кўрсаткичларни намойиш этади. Иқтисодий ўсиш давом этар экан, кредитлаш ҳам жадаллашади. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳаси, саноат ва қурилишда кредитлар ўсиши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий валютамизнинг мустаҳкамланиш даври банкларни янги шароитга мослашишга мажбур қилди. Келгусида банклар олдида турган асосий вазифа — бу валюта рискларини самарали бошқариш, муаммоли кредитлар улушини камайтириш ва миллий валютадаги узоқ муддатли ресурслар базасини кенгайтиришдир. Агар бу вазифаларни уддалай олса, 2026 йил улар учун барқарор ривожланиш йили бўлади.

Аъзам МАХМАДИЁРОВ,

Олмазор УБХО истеъмол кредити менежери