ТАРБИЯ КЎПРОҚ КИМ УЧУН?

Оилани олтин қўрғонга қиёс­лашади. Оилавий муносабатлар, эзгу удумлар, ҳикматга бой ва отамерос анъаналар ушбу қўрғон ичидаги бебаҳо хазинадир. Бу хазина халқни халқ, миллатни миллат қилиб турувчи мадания­тимиз ва маънавиятимизнинг ўзагини ташкил этади.
Ўзбек оилаларида ўзига хос ижтимоий хусусиятлар мавжуд бўлиб, булар — болажонлик, катталарга ҳурмат, оилада эркак ва аёлларнинг алоҳида мавқеи, қайнона ва келин муносабатларининг ўзига хослиги, бобо ва бувиларнинг раҳнамолиги, ёшларни ҳаётга тайёрлаш ва унинг бахтли келажагини таъминлаш анъанасининг бардавомлиги.

Ёш авлодни миллий удумларимиз, анъаналаримиз, маънавий ва маданий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда халқимиз амалий педагогикасининг нодир намуналари алоҳида таъсир кучига эга. Айниқса, бу улкан хазина фарзандларга ота-оналар томонидан изчил, кун-бакун, қадам-бақадам сингдириб борилса, олиб борилган таълим-тарбиявий таъсир остида бола ижтимоий ҳаёт, ахлоқий мезон­лар, моддий ва маънавий қадриятлар ҳақидаги билим ва тажрибани тадрижий равишда ўзлаштириб боради.
Олимларнинг таъкидлашича, инсоннинг шахс сифатида шаклланиш жараёнининг 80 фоизи 5 ёшгача — бола, асосан, оила қарамоғида бўлганида юзага келади. Баркамол шахснинг шаклланиши, унинг ёрқин истиқболи учун пойдевор оилада, ота-она томонидан барпо этилади.
Болани дунёга келтиришдан кўра, уни жамиятга нафи тегадиган, билимли, касб-ҳунарга эга солиҳ фарзанд қилиб тарбиялаш мушкулроқ. Шунинг учун ҳам оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни асраш ва уни миллий ғоя руҳида мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига молик масаладир. Бизнинг миллатимизга хос бўлган муомала маданияти, меҳр-оқибат, мурувват, андиша ва ор-номус, қариндош уруғлар, айниқса ота-онага ҳурмат, кексаларни улуғлаш, муносиб авлод сифатида аждодлар руҳини шод қилиш каби туйғулар нафақат тарбия вазифасини, балки, инсоний фазилатларнинг шаклланишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Халқимизда “Жаннат боғида тарбияланган фарзанд”,­ деган ибора бор. Бу ҳавас билан, ақлли, илмли, одобли фарзандларимизнинг олийжаноб фазилатларига бериладиган баҳодир. Фарзандларимизнинг “мана шу муқаддас тупроқ меники, бу ерда ота-боболаримнинг ҳоки ётибди. Агар шу мусаффо осмон, шу эркин ва ёруғ ҳаёт, мана шу муқаддас Ватанни мен ҳимоя қилмасам, ким ҳимоя қилади?” деган эътиқод руҳида тарбия топиши беқиёс аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, фарзанд тарбияси келажак йўлида қўйилган қадамдир. Бу масалага қанчалик эътиборли бўлсак, ижобий самара беради.
Феруза Орипова.